Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандликлар қаерда бадантарбия билан шуғулланади?
17:22 / 2020-01-28

Эрталаб бир соат пиёда юриб, бадантарбия қилган киши кун давомида тетик юради.


– Уйимиз “Динамо” стадионига яқинлиги учун эрталаб 1,5- 2 километр пиёда юриб, шу ерга бориб бадантарбия билан шуғулланаман, – дейди Самарқанд давлат университети ўқитувчиси Мардон Болтаев. – Баҳор, ёз пайтларида Хотира майдони, Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғига борамиз. Бу жойларда катта-катта дарахтлар, арчалар кўплиги учун кислород кўп деб, шу масканларда сайр қиламиз. 

Эрталаб бир соат пиёда юриб, бадантарбия қилган киши кун давомида тетик юради. Қон босими кўтарилиши, ҳолсизлик каби хасталикларга учрамайди. Кейинги пайтда эрталабки сайрга чиқувчилар кўпаяётгани қувонарли.

– Ўтган йил биз яшайдиган Фарҳод шаҳарчасида “Обод маҳалла” дастури бўйича ҳудуддаги боғ ободонлаштирилди, йўл ёқасида пиёдалар йўлаги ташкил этилди, – дейди журналист Акрам Ҳайдаров. – Эрталаб ва кечқурун шу жойларда сайр қиламиз. Бадантарбия билан шуғулланишимиз мумкин.

5.JPG

– Самарқанд автомобиль заводи яқинида “Сўғдиёна” хиёбони бор – дейди шу ҳудудда яшовчи Р.Ҳасанов. – Дарахтлари жуда катта эмас-у, лекин пиёда сайр қилиш учун қулай жой. Бир марта айлансангиз 2,5-3 километр масофа юрасиз. Ўтган йил хиёбонни ободонлаштириш, йўлакларни тартибга келтириш бошланган эди, лекин иш якунига етмай қолди-да. Ободонлаштириш ишлари тугаса, бу жой яна ҳам кўркам бўлади.

Кейинги пайтда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишнинг асосий омили сифатида спортнинг оммавийлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунинг учун ҳозирда эрта тонгда кўчада ёки хиёбонлар, боғларда югуриб кетаётган ёки сайр қилаётган, спорт билан шуғулланаётган кишиларга тез-тез кўзимиз тушади. Уларнинг сафи ҳам анча кенгайган. Аввалгидек, уч-тўрт киши эмас, ўнлаб инсонлар – ёшлар ҳам, кексалар ҳам спорт билан шуғулланаётганини кўрамиз.

7.JPG

– Ўтган йилдан бошлаб ҳафтанинг шанба куни Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғида оммавий юриш ўтказиш йўлга қўйилди, – дейди Самарқанд вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев. – Бу тадбирга кенг оммани жалб қилдик. Тиббиёт ходимлари, спортчилар мунтазам қатнашади. Маҳаллалар аҳолиси ҳам келиб туради. Лекин жуда кам. Аслида, тиббиёт ходимлари ва спортчилар соғлом турмуш тарзи тарғиботчилари сифатида бу тадбирларда қатнашади. Уларнинг ёнига бошқа касб эгалари, уй бекалари, ёшлар ва кексалар ҳам кўпроқ қўшилса, деймиз. Умуман, ҳозирда биргина Самарқанд шаҳрида барча истироҳат боғларида, Университет хиёбони, Кўксарой майдони, Амир Темур мақбараси атрофидаги майдон, темирйўл вокзали хиёбони, “Динамо” стадионида, Сартепа масканидаги стадионда, Кимёгарлар шаҳарчасидаги маданият саройи атрофида, Шоирлар боғида, Ислом Каримов кўчаси ва хиёбонида пиёда сайр қилиб, бадантарбия машғулотлари билан шуғулланиш мумкин.

Ҳа, дарвоқе, ўтган йил Самарқанд шаҳрида муҳим саналар ва байрамлар муносабати билан ўндан ортиқ марафон ташкил этилиб, минглаб самарқандликлар оммавий юришларда қатнашди. Ҳатто, кексалар учун 2 километр масофага марафон уюштирилди.

19.JPG

Пиёда юриш ёки югуриш учун боғ ва хиёбонлардан фойдаланиш мумкин. Аммо велосипедда сайр қилувчилар учун бугун нафақат Самарқанд шаҳри, балки бошқа туман ва шаҳарларда ҳам махсус йўлаклар ташкил этилмаганини қайд этиш лозим. Тўғри, кейинги йилларда Кимёгарлар ва Фарҳод шаҳарчаларида ҳудудларни ободонлаштириш ишлари жараёнида бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, велойўлаклар қурилди. Лекин истироҳат боғларида ҳали бу борада кўзга кўринарли иш бажарилмагани аён. Нима, хорижий мамлакатлардаги каби бизда ҳам боғ ва хиёбонларнинг бир қисмида спорт машғулотлари билан шуғулланиш учун махсус майдонча ташкил этиб бўлмайдими? Ёки оддийгина спорт ускуналари ўрнатиш шунчалик мураккабми? Балки махсус спорт хиёбонлари ташкил этилар...