Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандлик ўқитувчи ва мураббийлар ҳам байрамни нишонлаяпти
10:20 / 2020-10-01

Улар Президентимизнинг байрам табриги ва соҳа ходимларига мурожаатини тингладилар.


Давлатимиз раҳбари иштирокида куни кеча Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида ўтказилган Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимни самарқандлик бир гуруҳ фаол ўқитувчилар Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида жам бўлиб, онлайн кузатди.

Улар Президентимизнинг байрам табриги ва соҳа ходимларига мурожаатини тингладилар.

Ушбу маросимдан сўнг Самарқанд вилояти ҳокими тадбир қатнашчиларини байрам билан табриклади ҳамда вилоятдаги таълим-тарбия соҳасининг илғор вакиллари, фахрийларга ҳокимликнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғаларини топширди.

Бугунги кунда Самарқанд вилояти халқ таълими тизимида 1247 умумтаълим мактаби, 8 махсус мактаб-интернат, 1 та Меҳрибонлик уйи, 17 та “Баркамол авлод” маркази фаолият юритмоқда. Бу масканларда 54 минг 500 нафардан ортиқ ўқитувчи ва мураббийлар ёш авлодга таълим-тарбия бериб келмоқда.

Бу йил вилоятда 1 та янги мактаб қурилмоқда. 51 та умумий ўрта таълим мактабида реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу бунёдкорлик ишларига инвестиция дастури асосида 128,2 миллиард сўм, шунингдек, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 65 миллиард сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, 9 мактаб учун замонавий спорт заллар бунёд этилмоқда.

Халқ таълими вазирининг тегишли буйруғига мувофиқ, жорий йилда самарқандлик 50 нафар педагог “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

– Мамлакатимизда ўқитувчига юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда, – дейди Самарқанд шаҳридаги 64-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Наргиза Холматова. – Бугунги синовли кунларда ҳам биз ўқитувчилар эътибордан четда қолмадик. 25 йилдан бери она тили ва адабиёт фанидан ёшларга сабоқ бериб келаман. Ўқувчиларим ҳар йили турли танловларда ғолибликни қўлга киритмоқда. Касб байрамимиз арафасида “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонига сазовор бўлганим шу 25 йиллик фаолиятим давомидаги камтарона меҳнатларимга берилган катта баҳодир.

2017 йилда вилоятда 564 та боғча фаолият кўрсатиб, мактабгача ёшдаги болаларнинг 63 минг нафари (21 фоизи) мактабгача таълим билан қамраб олинган бўлса, айни пайтда боғчалар сони 2008 тани ташкил этмоқда. Бу муассасаларга вилоят бўйича қарийб 324 минг нафар 3-7 ёшгача бўлган болаларнинг 169 минг нафари (52 фоизи) қамраб олинган.

2020 йилги инвестиция дастури доирасида 6385 ўринли 47 мактабгача таълим ташкилотини қуриб, фойдаланишга топшириш белгиланган. 2020 йил якунигача 14 та нодавлат, 50 та давлат-хусусий шериклик асосида ва 131 та оилавий шаклдаги мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилади.

Бугунги кунда вилоятда 74 та (37 касб-ҳунар мактаби, 15 коллеж, 22 техникум) профессионал таълим муассасаси мавжуд. Янги ўқув йилида касб-ҳунар мактабларига 8986 нафар 9-синф битирувчилари қабул қилинди. Коллежлар учун 5385 та, техникумлар учун 9290 та қабул режаси белгиланган.

Айни пайтда вилоятдаги 9 олий ўқув юртида 40 минг нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларга 3276 нафар педагог-устозлар сабоқ беради. Улар орасида 3 нафар академик, 262 нафар фан доктори, 877 нафар фан номзоди бор.