Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанддаги “за линия” ҳудуди замонавий шаҳарча бўлади
11:47 / 2020-05-18

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов бу борадаги ишлар бўйича ахборот бериб, Самарқанд шаҳрида амалга оширилаётган ва ишлаб чиқилаётган янги лойиҳалар тўғрисида маълумот берди.


13 май куни мамлакатимизда карантин талабларини, ҳушёрликни оширган ҳолда янада юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш масалалари муҳокама этилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари Самарқанд шаҳрини Пастдарғом, Нуробод, Самарқанд туманлари томон кенгайтириш, янги мавзелар, “йўлдош шаҳарлар” барпо этиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов бу борадаги ишлар бўйича ахборот бериб, Самарқанд шаҳрида амалга оширилаётган ва ишлаб чиқилаётган янги лойиҳалар тўғрисида маълумот берди.

Жумладан, шаҳардаги вокзалорти, яъни халқ тилида “за линия”, деб ном олган ҳудудида замонавий лойиҳа асосида шаҳарча барпо этиш режалаштирилаётгани қайд этилди.

Бир томони темир йўл, иккинчи томони Сиёб ариғига туташ, атрофи жарликлардан иборат бу манзил йиллар давомида эътибордан четда қолган. Эски, вақтинчалик савдо дўконлари ҳисобга олинмаганда, ҳудудда хизмат кўрсатиш шохобчалари йўқ, жамоат транспорти қатнови яхши йўлга қўйилмаган.

2019 йилда вилоят ҳокимлигининг жамоатчилик назорат гуруҳлари ҳам мазкур ҳудудда ўрганишлар олиб бориб, юзлаб муаммоларни аниқлаган эди. Шундан сўнг мавзедаги йўлларга асфальт ётқизилди, мактаб, болалар боғчалари таъмирланди, тунги ёритгич чироқлари ўрнатилди. Бироқ ўз вақтида уй-жойларнинг тартибсиз, жар ёқаларига, ҳатто ноқонуний қурилгани, бу ердаги муаммоларга тўла-тўкис ечим топиш имконини бермаяпти. Умумий фойдаланишдаги ҳовлиларда ўзбошимчалик билан қурилган хонадонлар йўлларни ёпиб қўйган.

Шу сабабли эндиликда бу мавзеда 16-20 минг аҳоли яшайдиган шаҳарча қуриш лойиҳаси тузиляпти. Бу ерда энг аввало 30 га яқин кўп қаватли уй, мактаб, маҳалла маркази, болалар боғчаси, истироҳат боғи, спорт ва савдо мажмуалари, бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилади. Оқава тармоғи тортилади. Сиёб ариғи ва жар ёқасидаги уйлар ичкарига олиниб, сайр қилиш майдончалари барпо этилади. Айни пайтда Қорасув массивида барпо этилаётган йўлдош шаҳарчани Самарқанд шаҳри билан боғловчи йўл шу ҳудуд орқали ўтади, канализация тармоғи тортилади.