Самарқанддаги ҳомийлик хайриялари маркази эҳтиёжманд оилаларга маҳсулот етказишни бошлади
Хайрия маҳсулотларини етказиб бериш ишлари махсус ҳимоя воситалари билан таъминланган мутахассислар томонидан амалга оширилмоқда.
Самарқанд вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси қошида 2 апрелдан фаолият бошлаган “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази”га шу пайтгача корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлар, саховатли кишилардан 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ келиб тушди. Шунингдек, 60 тоннадан ортиқ 9 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва кундалик эҳтиёж воситалари, дори-дармонлар жамланди.
Бу маҳсулотлар Самарқанд шаҳар Гагарин кўчасидаги Самарқанд олимпия захиралари тайёрлаш мажмуасида белгиланган тартибда, санитария меъёрлари асосида қабул қилиниб, шу ердан жойларга тақсимланмоқда.
Бугун марказда жамланган маҳсулотлар белгиланган тартибда дезинфекция қилинган транспорт воситалари орқали Иштихон ва Пайариқ туманларидаги эҳтиёжманд оилаларга юборилди.
Хайрия маҳсулотларини етказиб бериш ишлари махсус ҳимоя воситалари билан таъминланган мутахассислар томонидан амалга оширилмоқда.
Марказда “Call-sentr” фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, “1197” қисқа рақамли телефон орқали хайрия қилмоқчи бўлган юридик ва жисмоний шахслар ҳамда ёрдамга муҳтож кишилардан мурожаатлар қабул қилинмоқда.