English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанддаги мактаб битирувчиларининг 11,6 фоизи олий ўқув юрти талабаси бўлди
19:37 / 2020-10-14

2019-2020 ўқув йилида Самарқанд вилоятидаги мактабларни 53583 нафар ўқувчи битирди. Уларнинг 46528 нафари олий таълим муассасаарига ҳужжат топшириб, 6230 нафари белгиланган тест ва имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, ўқишга кирди.


2019-2020 ўқув йилида Самарқанд вилоятидаги мактабларни 53583 нафар ўқувчи битирди. Уларнинг 46528 нафари олий таълим муассасаарига ҳужжат топшириб, 6230 нафари белгиланган тест ва имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, ўқишга кирди. Бу умумий битирувчиларнинг 11,6 фоизни ташкил этади.

Эътиборлиси, жорий йилда самарқандлик 30 нафар мактаб битирувчиси хорижий тиллар ва аниқ фанларни пухта ўзлаштиргани, маданият, санъат ва спорт йўналишларида ўзларининг қобилиятларини намоён этиб, мамлакатимиз ва хорижий кўрик-танловларда фахрли ўринларни эгаллагани натижасида республикамиз ва хориждаги бир қатор нуфузли олий таълим муассасаларига имтиёзли тарзда ўқишга қабул қилинди.

Жумладан, Самарқанд шаҳридаги 17-умумтаълим мактаби битирувчиси Ансар Раҳманов Оксфорд университети талабаси бўлди. Паст Дарғом туманидаги 28-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг 4 нафар ўқувчиси IELTS имтиҳоналаридан 5,5 ва 6 балли сертификатларга эга бўлди. Шу мактаб-интернат ўқувчиси Рустамжон Шамелов АҚШнинг Вебстер университети Тошкент филиали талабаси бўлди.

– 2018/2019 йилида вилоятимиздаги 1236 мактабни 31 минг нафарга яқин ўқувчи битириб, уларнинг 2556 нафари, яъни 8,2 фоизи олий ўқув юртларига ўқишга кирган эди, – дейди Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Қ.Саидов. – Ўтган ўқув йилида 356 та мактабимиздан бирорта ҳам ўқувчи олий ўқув юртига киролмаган эди. 

Бу йил бу кўрсаткич 134 тани ташкил қилмоқда. Рақамлар аввалги йилга нисабатан ўсишни кўрсатса-да мана шу 134 мактабдан бирорта ҳам битирувчининг олий ўқув юрти талабаси бўлмагани бу нафақат, шу мактаб ва ҳудуд аҳолисининг, балки бутун вилоятимиз таълим тизимининг муаммоси, оғриқли нуқтаси ҳисобланади. Албатта, бу ҳолат ҳар бир мактаб фаолияти мисолида таҳлил этилиб, зарур таълим сифати ва самарадорлигини ошириш чоралари кўрилмоқда. Бугун юртимизда олий ўқув юртларига қабул квоталари оширилаётган, янги университет ва институтлар ташкил этилаётган пайтда битирувчиларнинг ҳам салмоқли қисми олий маълумот олиш учун ўқишни давом эттирсагина бу умумтаълим мактаблари фаолияти самарадорлигини белгилайди.

Маълумотларга кўра, Самарқанд шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 37 нафар битирувчисидан 30 нафари олий ўқув юрти талабасига айланди. Шунингдек, Оқдарё туманидаги 52-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг 45 нафар битирувчисидан 34 нафари (75,6 фоиз), Самарқанд шаҳридаги 37-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 169 нафар битирувчисидан 126 нафари (74,6 фоиз), Пастдарғом туманидаги 28-ИДУМИнинг 53 нафар битирувчисидан 34 нафари (64,2 фоиз), Нарпай туманидаги 52-умумий ўрта таълим мактабининг 115 нафар битирувчисидан 61 нафари (53 фоиз), Иштихон туманидаги 1-ИДУМнинг 43 нафар битирувчисидан 22 нафари (51,2 фоиз) олий таълим муассасаларига ўқишга кирди.

- Мактабимиз математика-физика фанига ихтисослашган бўлиб, ўқувчилар 5-синфдан саралаб олинади – дейди Самарқанд шаҳридаги 1-ИДУМ директори Дилафрўз Жайналова. – 2018/2019 ўқув йилида мактабимиз битирувчиларининг 67 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга кирган бўлса, бу йил ушбу кўрсаткич 81 фоизни ташкил этди. Мактабимиз ҳар йили вилоятда таълим сифати кўрсаткичи бўйича юқори ўринда туради. Сабаби, биз фақат билимли, қобилиятли ўқувчиларни бир неча босқичли имтиҳонлар асосида саралаб оламиз. Таълим жараёнлари ҳам чуқурлаштирилган ҳолда олиб борилади, тартиб-интизом, ўқишга талаб кучли. Ўқувчиларимиз ҳам, ота-оналар ҳам шунга ўрганган. Муваффақиятларимиз сири шунда бўлса керак.

Президентимиз Ш.Мирзиёев яқинда Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган маросимдаги нутқида Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида мактаб муваффақиятларини эътироф этиб, нима учун мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида мазкур мактаб тажрибаси асосида ихтисослашган таълим муассасалари ташкил этиш ва ўқув жараёнларини ташкил этишга эътибор қаратилмаётганини ҳудудлар раҳбарларидан сўради. Ҳар бир туманда мана шундай ихтисослашган мактаблар ташкил этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берди.

Давлатимиз раҳбарининг фикрлари ва берган топшириқларидан келиб чиқиб, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари ва халқ таълими тизими масъуллари Қоракўл туманига бориб, тажриба ўрганиб келди. Айни пайтда Самарқанд шаҳрида математикага ихсослашган мактаб-интернат ташкил этиш ҳаракати бошланди.