Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда тест синовлари 11 кун давом этади
16:42 / 2020-08-20

2020/2021 ўқув йили учун Самарқанддаги тўққиз олий ўқув юртида ўқишга кириш учун 139 минг 874 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган.


2020/2021 ўқув йили учун Самарқанддаги тўққиз олий ўқув юртида ўқишга кириш учун 139 минг 874 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган. Бу ўтган йилга нисбатан 26 фоизга кўп. Яъни, бир ўринга 10,86 киши тўғри келмоқда.

Самарқандда тест синовлари тўрт ҳуддудаги 7 та катта сиғимли очиқ майдонда ўтказилади. Булар – спортнинг эшкак эшиш турлари бўйича республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар олимпия захиралари мактабининг 4 та очиқ майдони, “Локомотив” футбол стадиони, Сартепадаги 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби стадиони ҳамда Кимёгарлар қўрғонидаги “Нурафшон” футбол ўйингоҳларидир.

– Эпидемиологик талабларга мувофиқ синовлар икки навбатда ўтказилади, – дейди Давлат тест маркази Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи В.Сирлибоев. – Яъни бир навбатда 6120 нафар, кун давомида 12 минг 240 нафар абитуриент тест синовларини топширади. Бу вилоятда 11 кун ичида имтиҳонларни ўтказиш имконини беради. Тест синовлари олдинги йиллардаги каби шаффофлик ва холислик таъминланган ҳолда ташкил қилинади. Абитуриентларни майдонларга киритиш ва шахсини аниқлашда шахсни идентификациялаш воситалари (видеофиксация, бармоқ изи сканери)дан фойдаланилади. Жараёнлар видеокузатув остида онлайн эфирга узатилган ҳолда ўтказилади.

image_2020-08-20_16-19-36.png

Тест синовлари ўтказиладиган масканлар яқинида ота-оналар учун ҳам жойлар ҳозирланади, лекин ташкилотчилар аҳолига тест синовларини маҳаллий телеканаллар ва test2020.uz сайти орқали онлайн кузатиб боришни тавсия этмоқда.

Давлат тест маркази вилоят бўлими, абитуриентлардан тест ўтказиладиган жойларга рухсатномада кўрсатилган сана ва вақтда синовлар бошланишидан камида 1- 1,5 соат олдин паспорт ҳамда рухсатнома билан келишни эслатмоқда.