Самарқандда коронавирусга чалинганлар сони 780 нафарга етди
Беморларнинг 641 нафари соғайди, шу пайтгача уч нафар бемор вафот этган.
Беморларнинг 641 нафари соғайди, шу пайтгача уч нафар бемор вафот этган.
Бу маълумотлар Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Д.Жуманиёзов иштирокида ўтказилган брифингда қайд этилди.
Таъкидланишича, энг кўп бемор (360 нафар) Самарқанд шаҳрида аниқланган. Шунингдек вилоятнинг Тойлоқ (91 нафар), Оқдарё (64 нафар), Ургут (48 нафар), Пастдарғом (40 нафар) туманларида ҳам бошқа ҳудудларга нисбатан касаллик кўп кузатилган.
Беморлар асосан вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Айни пайтда Самарқанд давлат тиббиёт институти 2-клиникаси, вилоят кардиология диспансери, саломатликни тиклаш шифохонаси ва бошқа муассасаларда 680 та қўшимча жойлар тайёрланган. Умуман, ҳозирда вилоятдаги шифохоналарда COVID-19 га чалинган беморларни даволаш учун 1590 та жой ҳозирланган.
Бундан ташқари, Самарқанд шаҳридаги меҳмонхоналар, олий ўқув юртлари ва коллежлар талабалар ётоқхоналарида 8 мингдан кўпроқ захира жойлар ташкил этилди.
– Коронавирус белгилари кузатилаётган беморларнинг ҳаммасида ҳам инфекция аниқланмаяпти, – дейди Д.Жуманиёзов. – Оддий шамоллаш ёки пневмония одамларда COVID-19 га чалиндим, деган хавотирни уйғотмоқда. Жумладан, куни кеча Самарқанд давлат тиббиёт институти 2-клиникасига ётқизилган 100 нафардан ортиқ беморнинг 76 нафарида касаллик аниқланмади. Уларда икки томонлама пневмония қайд этилди. Шу сабабли эндиликда касалликка шубҳа қилинган, лекин инфекция аниқланмаган беморларни дастлаб меҳмонхона ва бошқа захира жойларда ётқизиб, бир-икки кун ичида таҳлил натижалари чиққач, шунга қараб зарур чоралар кўрилмоқда.