Самарқандда кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган 12 та таянч мактаб ташкил этилади
Умумтаълим мактабларида кимё ва биология фанларини ўқитиш сифати бугунги давр талабларига жавоб бермаслиги,...
Умумтаълим мактабларида кимё ва биология фанларини ўқитиш сифати бугунги давр талабларига жавоб бермаслиги, ўқитиш методологияси ва лабораториялар маънан эскирганлиги, ўқитувчиларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш механизмлари жорий қилинмаганлиги кейинги пайтда кўп тилга олинмоқда. Шу нутқаи назардан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 август куни қабул қилинган “Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори кимё ва биология фанлари бўйича таълим сифатини тубдан ошириш, умумтаълим мактабларида ушбу фанларни ўқитишнинг мутлақо янги тизимини жорий этишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
– Қарорга мувофиқ, вилоятимизнинг 12 та туман ва шаҳрида кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган таянч мактаблар фаолияти йўлга қўйилади – дейди Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Қўлдош Саидов. – Жумладан, 2020-2021 ўқув йилида Самарқанд шаҳридаги 14-, Оқдарё туманидаги 45-умумтаълим мактаблари, 2021-2022 ўқув йилида эса Каттақўрғон шаҳридаги 2-, Булунғурдаги 22-, Иштихондаги 51-, Қўшработдаги 34-, Нарпайдаги 43-, Нурободдаги 10-, Тойлоқдаги 30-, Самарқанддаги 33- ҳамда Каттақўрғон туманидаги 56-умумтаълим мактаблари кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган таянч мактаблар сифатида қайта ташкил этилади.
Ушбу ихтисослаштирилган таянч мактабларни белгилашда умумтаълим мактабларининг салоҳияти, ўқувчиларнинг кимё ва биология фанларига бўлган қизиқиши ва ота-оналарнинг талаблари ўрганилди. Белгиланган таянч мактабларида 3 нафар олий тоифали, 17 нафар 1-тоифали ўқитувчилар фаолият олиб бормоқда. Мактабларнинг ўртача коэффиценти 1,3 фоизни ташкил этади. Кимё ва биология лабораториялари тўлиқ жиҳозланган ва уларнинг замонавий моддий-техника базасини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Ташкил этилаётган мазкур ихтисослаштирилган таянч мактабларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида олий таълим муассасаларининг кафедралари, илмий-тадқиқот муассасалари ва ишлаб чиқариш тармоқлари жалб этилди. Хусусан, вилоятимизда ташкил этилаётган ҳар бир ихтисослаштирилган таянч мактабларига Самарқанд давлат университетининг одам ва ҳайвонлар физиологияси ва биокимё, органик ва биорганик кимё, ботаника, зоология, генетика ва биотехнология, ўсимликлар физиологияси ва микробиология, ноорганик кимё ва материалшунослик кафедралари, Самарқанд давлат тиббиёт институтининг микробиология, вирусология ва иммунология кафедраси бириктирилди. Бундан ташқари, хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, стажировкаларни ташкил этиш ва хорижий мутахассисларни жалб этиш, ўқитувчилар фаолиятини баҳолашнинг илғор мезонларини жорий этиш кўзда тутилган.