Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқандда 2019 йилда 174 киши порахўрлик билан боғлиқ жиноят содир этган
17:21 / 2020-03-04

Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.


Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.


Унда сенаторлар, коррупцияга қарши курашиш бўйича Самарқанд вилояти идоралараро комиссияси аъзолари, депутатлар ҳамда масъул идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.

Қўшма мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда давлат дастурининг Самарқанд вилоятидаги ижроси муҳокама этилди.

Фармонда белгиланган вазифаларни бажариш доирасида коррупцияга қарши курашиш бўйича Самарқанд вилояти идоралараро комиссияси ҳудудда бу йўналишдаги фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи ҳудудий давлат органлари ҳамда ташкилотлар ишини мувофиқлаштириш бўйича ишларни амалга ошириб келмоқда.

Жумладан, бу йўналишдаги фаолиятни тизимли равишда ташкил этиш учун давлат органлари ва ташкилотларининг ҳар биридан идоравий мувофиқлаштирувчи белгиланган. Амалга оширилган профилактика ишлари натижасида вилоятда коррупция билан боғлиқ жиноятлар статистикаси пасайгани қайд этилди.

– Жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция фактларига доир мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш коррупцияга қарши курашишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади, – дейди Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ботир Матмуратов. – Зеро, бу иллатга қарши туриш фақатгина ҳуқуқ-тартибот идораларининг вазифаси эмас, бу барчанинг ишидир. Чунки олдимизда юртимизнинг халқаро нуфузи, мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, хорижий инвестицияни кўпроқ жалб этиш вазифаси турибди. Бунинг учун, албатта, порахўрликни олдини олиш ва батамом тугатиш лозим.
Қўшма мажлисда вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан коррупциянинг олдини олиш бўйича олиб борилган ишлар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботлари ҳам тингланди.

– 2019 йилда вилоятда 174 киши мансаб суиистеъмолчилиги ва порахўрлик билан боғлиқ жиноят содир этган, – дейди Самарқанд вилояти прокурори Ф.Зуфаров. – Ўтган даврда мактабгача таълим, халқ таълими, ўрта махсус таълим муассасалари ходимларига нисбатан 60 та жиноят иши қўзғатилган ва қарийб 1 миллиард сўмлик зарар ундирилиб, 86 нафар раҳбар ва ходимга жазо қўлланилган. Таҳлилларга кўра, 2018-2019 йилларда банк, солиқ, олий ва ўрта махсус, халқ таълими, соғлиқни сақлаш муассасалари, адвокатура, айрим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларнинг мансабдор шахслари томонидан ҳам жиноятлар содир этилган. Аммо масъул раҳбарлар жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабабларини бирор марта ҳам ўрганмаган ва бу борада бирорта таклиф киритмаган.

Қўшма мажлисда сенатор ва депутатлар, вилоят адлия, ички ишлар бошқармалари раҳбарлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши раиси Э.Турдимов ҳар бир раҳбар халқ учун очиқ ва шаффоф иш олиб бориши, ўз соҳаси ва жамоасидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш чорасини кўриши, олий таълим, тиббиёт муассасалари ва бошқа ташкилот раҳбарлари коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик билан ҳамкорлик қилиши лозимларини таъкидлади.