Самарқанд вилоятида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда
Самарқанд вилоятида қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш, ушбу йўналишга инвесторларни кенг жалб қилиш орқали йирик лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Самарқанд вилоятида қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш, ушбу йўналишга инвесторларни кенг жалб қилиш орқали йирик лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу ҳақда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси матбуот хизмати хабар берди.
Хусусан, 2020-2022 йилларда вилоятда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси билан ҳамкорликда 91 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилади. Натижада, 4,46 миллион тонна цемент, 2,9 миллион метр квадрат сэндвич панеллар, 250 минг метр куб газобетон блоклари, шунингдек, алюмин эшик ва ромлари, темир-бетон буюмлари, бурама михлар, қуруқ аралашмалар, пластик қувурлар, гипсокартон, металл маҳсулотлари, том ёпқич материаллари каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватлари яратилади.
Дастурга кўра, янги корхоналар асосан Ургут, Пастдарғом, Жомбой, Пахтачи, Оқдарё, Каттақўрғон, Самарқанд тумани ва Самарқанд шаҳрида ташкил этилади.
“Ургут” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида “Азия металл проф” МЧЖ томонидан умумий қиймати 56,3 миллион доллар бўлган йирик лойиҳа амалга ошириляпти. Мазкур лойиҳанинг ноёблиги шундаки, у нафақат республикамизда, балки Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Бу ерда йилига мураккаб технология асосида юқори ҳароратда рухни қиздириб, 0,35 милиметргача бўлган паст қалинликдаги рух билан қопланган ва полимерланган 120 минг тонна тунука маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Маҳсулотнинг қарийб 100 фоизини экспортга йўналтириш мўлжалланган. Корхонада, шунингдек, турли ўлчовдаги айлана ва тўртбурчак металл қувурлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Ургут туманида “Сам драй фруитс” МЧЖ томонидан умумий қиймати 2 миллион 135 минг доллар бўлган яна бир лойиҳа амалга оширилди. Бу ерда йиллик қуввати 275 минг метр квадрат сэндвич панеллар ва пенопласт ишлаб чиқарилмоқда. Эътиборлиси, корхона фаолиятини бошлаши билан 50 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Жомбой туманида, “Керамик брикс” МЧЖ томонидан, умумий қиймати 10 миллион доллар бўлган йирик лойиҳа ишга туширилди. Корхона Испаниянинг “Beralmar technology” компанияси технологик ускуналари билан жиҳозланган. Бу ерда йилига 7,5 миллион дона 2 хилдаги ташқи пардоз, 2,5 миллион дона катта габаритли замонавий керамик блоклар ишлаб чиқарилади.
Пастдарғом туманида “Мароқанд кабель инвест” МЧЖ томонидан йиллик қуввати 160 минг тонна бўлган кичик цемент заводи қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шу билан бирга жорий йилнинг декабрь ойида “Жомбой яшил чироқлари” МЧЖ томонидан йиллик қуввати 300 минг тонна бўлган цемент заводи иш бошлади.
Шунингдек, вилоятда йиллик қуввати 2,7 миллион тонна бўлган янги цемент заводларини қуриш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.