Самарқанд вилояти ва Хенан провинцияси ўртасида дўстлик муносабатлари ўрнатилди
Хенан ва Самарқанд ўртасидаги алоқалар эса бу ҳамкорликнинг асосий бўғинларидан ҳисобланади.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Хитой Халқ Республикасининг Хенан провинцияси масъуллари иштирокида онлайн мулоқот ўтказилди.
Учрашувда икки минтақа раҳбарлари, Ўзбекистон ва Хитой давлатлари элчилари ва бошқа масъул шахслар иштирок этди.
Самарқанд вилоят ҳокими Э.Турдимов аввало 2019 йилнинг апрель ойида Хитой Халқ Республикасига сафари давомида Самарқанд делегациясига кўрсатилган юксак ҳурмат-эътибор учун Хенан провинцияси маъмуриятига, хусусан, губернатор жаноб Ин Хунга миннатдорлик билдирди.
Ташриф давомида Самарқанд вилояти вакилларининг 13-Хитой халқаро инвестиция ва савдо кўргазмаси ҳамда «Бир камар – бир йўл» форумида иштирок этиб, вилоятнинг иқтисодий, инвестицион ва туризм салоҳияти бўйича тақдимотлар, Хенан провинцияси тадбиркорлари билан бизнес форумлар ўтказиб, бир қатор келишув ва шартномалар имзолагани бугун ўз натижасини бераётгани қайд этилди.
Айни пайтда Самарқандда Хитой инвестицияси иштирокида 63 та қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Бу корхоналар томонидан ип-калава, тайёр матолар, трикотаж, гилам ва гилам маҳсулотлари, қурилиш материаллари, пластмасса қувурлар, ипак, қайта ишланган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, мебель ва бошқа товарлар ишлаб чиқарилмоқда.
Э.Турдимов мазкур онлайн мулоқот Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикасининг ўзаро савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорлигининг натижаси сифатида бу борадаги алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади. Чин ўлкаси инвесторлари билан биргаликда қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилганлигини маълум қилди.
Хусусан, қишлоқ хўжалигида интенсив боғлар, иссиқхоналар, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик каби лойиҳаларни татбиқ этиш, жумладан, интенсив боғлар ва иссиқхоналар учун ускуна ва жиҳозларни Самарқандда ишлаб чиқаришни ташкил қилиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, хитойлик тадбиркорлар билан биргаликда озиқ-овқат соҳасида мева-сабзавотларни қайта ишлаш, кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаларни амалга ошириш, енгил саноат соҳасида тикувчилик маҳсулотлари, терини қайта ишлаш ва чарм-пойабзал маҳсулотлари тайёрлаш режалаштирилган.
Хенан провинцияси губернатори Ин Хун Ўзбекистон Хитойнинг минтақадаги муҳим иқтисодий ҳамкорларидан бири эканлигини таъкидлаб, бу ҳамкорликдан икки давлат ҳам бирдек манфаатдорлигини қайд этди. Хенан ва Самарқанд ўртасидаги алоқалар эса бу ҳамкорликнинг асосий бўғинларидан ҳисобланади.
Онлайн мулоқот давомида бугунги кунда дунёда кузатилаётган коронавирус пандемияси, унга қарши курашишда Ўзбекистон ва Хитой томонидан кўрилаётган чоралар, бу борада икки давлатнинг бир-бирини қўллаб-қувватлаётгани ҳам эътироф этилди. Хенан провинцияси губернатори ушбу йўналишда ёрдам бериш мақсадида Самарқандга яқин кунларда 500 мингта тиббий ҳимоя воситалари юборилишини маълум қилди.
Учрашув давомида қатор меморандум ва битимлар имзоланди. Дастлаб, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ва Хенан провинцияси губернатори Ин Хун томонидан кенг қамровли дўстлик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида битим имзоланди ҳамда мазкур битим Самарқанд вилояти ва ва Хенан провинцияси ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларининг ривожланишида янги саҳифа бўлишлиги таъкидланди.
Шундан сўнг, Самарқанд вилояти ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари Ойбек Ходжаев ва Хенан провинцияси халқ кенгаши вице-губернатори Хе Сзинпин томонидан Самарқанд ва Хенан ўртасида кенг қамровли ҳамкорлик ўрнатиш механизмини яратиш борасидаги меморандум имзоланди.
Шунингдек, Самарқанд шаҳри ҳокими Бобурмирзо Облоқулов ва Хеби шаҳри мери Го Хао томонидан Самарқанд ва Хеби шаҳарлари ўртасида дўстлик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида битим тузилди.
Учрашув якунида Э.Турдимов Хенан провинцияси раҳбарияти ва тадбиркорларни Самарқандга таклиф этиб, уларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун барча шарт-шароит яратиб берилишини таъкидлади.

