Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд узра янграйдиган мусиқа фестивали ҳали давом этади
18:03 / 2019-08-27

ЎзА мухбири фестивалнинг айрим иштирокчилари билан суҳбатлашди.


Аввал хабар қилганимиздек, Самарқанд шаҳрида 26 август куни бошланган “Шарқ тароналари” XII халқаро фестивали ўзининг шукуҳли таровати билан давом этмоқда. Ушбу нуфузли мусиқа тантаналарига дунёнинг 74 давлатидан юзлаб санъат ихлосмандлари ташриф буюрган.

ЎзА мухбири фестивалнинг айрим иштирокчилари билан суҳбатлашди.

Неда Моради, “Ҳареой“ мусиқий гуруҳ раҳбари, (Эрон Ислом Республикаси):

– Гуруҳимиз “Шарқ тароналари” фестивалида илк бор иштирок этмоқда. Рости, Самарқандга аввал келмагандик. Шаҳарга ташрифимиз давомида Самарқанд туризм тизимида ўз имижига эга шаҳар эканига гувоҳ бўлдик. Шаҳар бизга жуда ёқди, айниқса инсонларининг меҳмондўстлиги эътирофга лойиқ. Гўзал тарихий минораларингизни кўриб, юртимиздаги обидалар билан ўхшашлигини қайд этмоқчимиз. Фестивалдаги иштирокимизда Эрон халқ оғзаки ижоди намуналаридан ижро этмоқчимиз. Бизнинг гуруҳ фақат аёллардан иборат бўлиб фестиваль учун тайёрлаб келган қўшиқларимиз муҳаббат, икки ошиқ юрак севгиси ҳақида. Гуруҳимиз барча аъзолари ҳам куйлаб ҳам қўшиқ ижро этишади. Биз чаладиган дутор, доира, рубоб каби мусиқа асбоблари ҳам ўзбек миллий чолғу асбобларига ўхшайди.

photo5415833231045012175.jpg

Екатерина Дулова, Минск консерваторияси ректори, (Беларусь Республикаси): 

–Юртингизда ташкил этилган ушбу “Шарқ тароналари” мусиқа фестивалига ташрифимда мусиқашунос сифатида таассуротларим бир олам. Куни кеча Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиё минтақасида илк бор ЮНЕСКО шафелигида ўтказилган “Моддий ва номоддий меросни асраш: долзарб муаммолар ва уларни ҳал қилиш стратегияси” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этдим. Анжуман мазмунли ўтди, муҳокама учун долзарб мавзулар танлаб олинган. Фестиваль юқори даражада ташкиллаштирилган, меҳмонлар учун барча шароитлар яратилган. Ушбу нуфузли халқаро тадбирга нафақат Марказий Осиёдан, балки Европа ва бутун дунёдан меҳмонлар, мусиқашунослар, ижрочилар, журналистлар йиғилган. 

Самарқанд қадимий шаҳар сифатида ўзининг жозибадорлиги билан мени лол қолдирди. Шаҳар таровати, сеҳрини кеча фестиваль тантанали очилиш маросимида нутқ сўзлаган Ўзбекистон Президенти жаноб Шавкат Мирзиёев ва ЮНЕСКО бош директори Одре Азуле хоним ҳам алоҳида қайд этди.

Фестиваль ҳали давом этади. Бизни олдинда янада қизиқарли тадбирлар, мусиқий чиқишлар, илмий муҳокамалар кутиб турганига ишонамиз.