Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саломатликни асраш инсоннинг ўзига боғлиқ
15:21 / 2022-07-10

Фарғона вилоятида шу йилнинг ўтган даврида аҳолини жисмоний тарбия ва оммавий спортга жалб этиш мақсадида 10 мингдан ортиқ спорт тадбирлари ташкил этилиб, уларга қарийб бир миллион киши қамраб олинди. Айни пайтда вилоятдаги 1 минг 50 та маҳалла фуқаролар йиғинида 98 километр масофада саломатлик (пиёда юриш), 102,8 километр велойўлаклар ва 916 та “Workout” майдончаси мавжуд.

Хўш, бу рақамлар 4 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилаётган ҳудуд учун етарлими?

-Албатта, босқичма-босқич бу рақамларни ошириб бориш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш устувор вазифа ҳисобланади,-дейди Фарғона вилояти спортни ривожлантириш бошқармаси мутахассиси Ёқубжон Каримов. — 2022 йил давомида вилоятимизда яна 27 километр саломатлик, 45 километр велойўлаклар, 210 та “Workout” майдончалари қурилиши режалаштирилган.

Сир эмас, ҳаётимизга рақамли технологияларнинг жадал кириб келаётгани, инсонлар учун қулай турмуш шароити яратиш йўлидаги изланишлар бир жиҳатдан қувонарли бўлса, бошқа томондан одамларнинг камҳаракат бўлиб боришига олиб келаётир. Камҳаракатлилик туфайли семизлик, қандли диабет, асаб ва юрак-қон томир касалликларнинг дунё миқёсида ортиб, ёшариб бораётгани бугун жаҳон жамоатчилигини жиддий ташвишга солаётгани ҳам бор гап.

-Баъзан маҳалла бошидаги дўконга пиёда боргиси келмай, автомашинасида бораётган, чойхонада соатлаб дам олиб, кейин «Давленам ошди», дея дорихонага чопаётган маҳалладошларимизни кўрамиз, — дейди фарғоналик фахрий спортчи Адҳамжон Отажонов. — Аслида пиёда юриш, доимо спорт билан шуғулланиш соғлом ҳаётнинг, саломатликнинг гаровидир. Бу бўйича ўзим ҳам бир неча қўлланмалар яратдим. Бир неча йилдан буён, нафақа ёшида бўлсамда, эрта тонгда югуриш, кечки сайрга чиқиш, умуман, пиёда юришни канда қилмайман. Шунинг учун ҳам бирор бир касалликдан шикоятим йўқ.

Дарҳақиқат, пиёда юриш саломатлик учун жуда фойдали. Бебаҳо бойлигимиз – саломатликни асраш, соғлом ҳаёт кечиришнинг бундай оддий ва камчиқим шартига амал қилсак, фарзандларимизни ҳам шунга ўргатсак, ишонинг, ҳар қадамда учрайдиган дорихоналар эшигини қоқишга ҳожат қолмайди.

М.Сулаймонов,ЎзА