Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Саломатлик волонтёрлари” фаолияти оммалашади
12:28 / 2026-01-23

Андижонда “Саломатлик волонтёрлари” фаолиятини оммалаштириш, ўқувчилар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларни тарғиб этиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Оила ва хотин қизлар, Мактаб ва мактабгача таълим ҳамда Соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Саломатлик волонтёрлари” лойиҳаси доирасида Андижон шаҳридаги 13-умумтаълим мактабида ташкил этилган семинарда мактаб директорлари, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари, волонтёр сифатида танлаб олинган ўқувчилар иштирок этди.  

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова қатнашиб, лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ҳамда мактабда хотин-қизлар билан ишловчи масъулнинг олиб бораётган ишлари, ўқувчи қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, чет тили, спорт, шунингдек, мактабда ташкил этилган “Дилдош қизлар – жамият кўзгуси”, “Дилдош устозлар” тўгараклари фаолияти билан танишди.

– Ёшлар, айниқса, ўқувчи қизлар билан ишлаш жуда муҳим вазифа, – дейди Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Гулҳаё Омонова. – Нафақат қизлар, умуман, ўқувчиларнинг саломатлик, тозалик, гигиена қоидаларига амал қилиши, уларнинг соғлом турмуш тарзига оид билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашда синфлар кесимида танлаб олинган “Саломатлик волонтёрлари” фаолияти муҳим аҳамият касб этади.

Бу орқали жисмонан соғлом ёшларни вояга етказиш борасидаги ишлар самарадорлиги янада ортади.  

Шунингдек, семинарда ўқувчилар томонидан тайёрланган қўл меҳнати буюмлари ва миллий либослар кўргазмаси намойиш этилди.  

Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова юқорида қайд этилган йўналишларда олиб борилаётган ишларни алоҳида эътироф этиб, янги “Саломатлик волонтёрлари” лойиҳасини Андижон намунаси сифатида республика бўйича кенг оммалаштириш лозимлигини айтиб ўтди.

Ф.Убайдуллаев,  

З.Умрзоқов (фото),

ЎзА мухбирлари