French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саломатлик сайлида 6 мингдан зиёд аҳоли иштирок этди
11:20 / 2023-04-05

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган "Саломатлик сайллари" ойлиги доирасида Сирдарё вилоятида ҳам соғломлаштириш тадбирлари ўтказилди.

Вилоятнинг Гулистон, Янгиер ва Ширин шаҳарлари ҳамда Боёвут ва Гулистон туманларида ўтказилган соғломлаштириш тадбирларида, қарийб 6076 нафар фуқаро иштирок этиб, шундан 4800 нафари республика ихтисослаштирилган тиббиёт ҳамда вилоят даволаш профилактика муассасаларининг малакали ва етакчи мутахассислари кўригидан ўтди. Тиббий кўрик натижаларига кўра, 2317 нафар фуқарода касалликнинг турли белгилари аниқланиб, шундан 2060 нафарига амбулатор, 228 нафарига стационар шароитда даволаниш учун йўлланма ва тавсия берилди.

– Сирдарёда ташкил этилган "Саломатлик сайллари" соғломлаштириш тадбирларига оилавий поликлиникаларда рўйхатда турган беморлар, ёши улуғ кексалар, ёш болали оналар, уларнинг фарзандлари қамраб олинди, – дейди Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Юсуф Мирхонов. Улар тиббий кўрик давомида УЗИ, ЭКГ текширувлари, лаборатор таҳлиллар, диагностик текширувлардан ўтди. Шунга қараб, маслаҳат ва тавсия берилди. Аҳамиятли томони, вилоятнинг Гулистон, Янгиер ва Ширин шаҳарлари ҳамда Боёвут ва Гулистон туманларида ўтказилган соғломлаштириш тадбирларида ногиронлиги ва хастахоллиги сабаб уйда ётиб қолган 13 нафар фуқаро учун хонадон тиббий кўриги ҳам ташкил этилиб уларга ва бошқа ижтимоий ёрдамга ва кўмакка муҳтож фуқароларга “Соғлом авлод учун” халқаро жамоат фонди томонидан кўзойнаклар, 12 турдаги дори-дармон ва сарфлов материаллари бепул тақдим этилди.  

– Саломатлик инсоннинг бебаҳо бойлиги, усиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди, – дейди Ширинлик Жума Соҳибов. – Ёшим 65 да. Мана бир неча йилдан буён танамдаги қанд миқдорининг кўплиги боис, диспансер назоратида тураман. Шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида ташкил этилган тиббий кўрикка келиб, пойтахтдан ва вилоятдан келган шифокорлар назоратидан ўтдим. Офтальмолог кўз соҳамда муаммо борлигини, тез ва шошилинч жарроҳлик амалиётини ўтказдирмасам, кўриш қобилиятимни йўқотишимни айтди. Вилоятдан ташриф буюрган, олий тоифали эндокринолог Шоҳида Қаршева эса, қондаги қанд миқдорини кўриб, олдин Гулистон тиббиёт кластерининг эндокринология бўлимида бироз даволанишимни, қондаги қанд миқдорини камайтиришимни, ундан кейин вилоят кўз касалликлари шифохонасида кўз соҳаси билан боғлиқ жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун тавсия берди. Муҳими, бизни саломатлигимизни ўйлаб, ушбу тадбирни ташкил этганларга раҳмат.

Қарийб, 6 минг нафардан зиёд аҳоли иштирок этган "Саломатлик сайллари" ойлиги доирасида соғломлаштириш тадбирлари давомида бепул тиббий кўрик ташкил этилиши билан бирга саломатлик мавзусида давра суҳбатлари, маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ўтказилди.

Шуҳрат Суяров,  

ЎзА мухбири