Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Саломатлик сайли” тадбирлари ўтказилди
16:47 / 2024-04-08

Бутунжаҳон саломатлик куни муносабати Андижон вилоятининг барча тиббиёт муассасаларида “Саломатлик сайли”, “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари ўтказилмоқда.

Кейинги йилларда юртимизда халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва савиясини юксалтириш, айниқса, оналар ва болалар, ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар соғлигини муҳофаза қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган вилоятдаги таниқли докторлар, тиббий марказ, шифохоналарнинг тажрибали ва малакали шифокорлари иштирокидаги бепул тиббий кўрикларда аҳолининг саломатлиги кўрикдан ўтказилмоқда.

Андижон шаҳридаги 8- оилавий поликлиникада ташкил этилган бепул тиббий кўрикка минглаб андижонликлар ташриф буюрди.

– Кунлик 300 қатновга мўлжалланган поликлиникамиз Андижон шаҳрининг 8 та маҳалласида истиқомат қилувчи 46 минг нафардан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатади, – дейди поликлиника бош шифокори ўринбосари Ёрқиной Алимова. – Бугунги “Саломатлик сайли” тадбирини юқори савияда ўтказиш учун зарур барча шароит яратилган, кўрикка поликлиникамиз шифокорларидан ташқари, вилоят тиббий муассасаларидан ҳам тажрибали шифокорлар таклиф этилган.  

Тадбир давомида аҳолининг саломатлиги 15 дан ортиқ ихтисослик йўналиши бўйича текширувдан ўтказилмоқда. Айниқса, оналар ва болалар ҳамда ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш, тарғибот-тушунтириш ишлари самарадорлигини ҳамда аҳолининг тиббий билим ва маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.  

Текширув жараёнида фуқаролар УЗИ, ЭКГ текширувларидан ҳам ўтказилмоқда, зарурат бўлса, улардан турли лаборатор таҳлиллар олинмоқда. 

Шифокор кўригидан ўтган Андижон шаҳри, Ёйилма маҳалласида яшовчи, меҳнат фахрийси, Озодахон Мирзаева билан суҳбатда бўлдик:  

 – Ёшим олтмишдан ошди, мени қўл ва оёғимдаги бўғим оғриқлари безовта қилади. Шифокор кўригидан ўтдим, таҳлил учун қон топширдим, зарур тавсия ва маслаҳатлар олдим. Ҳукуматимизга, шундай хайрли ишларга бош-қош бўлган инсонларга раҳмат. Халқимизга яратиб берилаётган бу каби имкониятлардан жуда ҳам мамнунман.

[gallery-16826] 

Саломатлик сайлига ташриф буюрган юртдошларимизнинг қайси бири билан суҳбатлашмайлик, шифокорлардан зарур маслаҳат ва тавсиялар олаётганини, юртимизда инсонлар саломатлигини сақлашга берилаётган эътибордан мамнун эканини изҳор этди.  

Бу каби кўриклар вилоятнинг барча туман, шаҳар марказий ҳамда оилавий поликлиникалар, тиббиёт марказлари ва тиббиёт даволаш муассасаларида бўлиб ўтмоқда. Тадбирларда ижтимоий аптекалар, бошқа фармацевтик компаниялар ўз дори-дармонларини аҳолига арзон нархларда таклиф этмоқда.  

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари