Тиббий кўрик
Маълумки, аҳоли соғлиғини сақлашда, турли ёшдаги кишиларда учрайдиган касалликларнинг олдини олишда O’zLiDeP ҳудудий кенгашларидаги “Аёллар қаноти” томонидан бепул тиббий кўриклар ўтказиб келинади. Қолаверса, “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг муҳим бандларидан бирида мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ривожлантириш билан боғлиқ энг муҳим вазифалар белгилаб берилган бўлиб, уларнинг ижросини таъминлаш O’zLiDeP фаоллари зиммасига алоҳида масъулият юклайди.

Партия Бухоро вилояти Кенгашининг “Аёллар қаноти” томонидан O’zLiDeP Ғиждувон туман Кенгаши, ҳудуддаги “MARJON STOM SERVIS”, “G’IJDUVON DIAGNOSTIKA MASKANI” хусусий корхоналари ҳамда “Сафира” клиникаси МЧЖ ҳамкорлигида ташкил этилган тиббий кўрик давомида тумандаги “Кўли жаббор”, “Ҳавзак”, “А.Қаҳҳор” ва “Нодирабегим” сингари маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи аҳоли вакилларидан 75 нафари қамраб олиниб, уларнинг 22 нафари МРТ ва МСКТ замонавий аппаратлари ёрдамида тиббий текширувдан ўтказилди.

Асаб касалликлари, терапевт, эндокринолог, онколог, мамолог, лор, кардиолог ва гинеколог сингари малакали мутахассислар қабулида бўлган 60 нафарга яқин фуқароларга тегишли маслаҳат, тавсия ва йўл-йўриқлар, даволанишга эҳтиёж сезган 17 нафар кишига эса тиббиёт муассасаларга йўлланма берилди.
“Саломатлик сари” партиявий лойиҳаси доирасида “Миллат саломатлиги-юрт қудрати” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида сўзга чиққан O’zLiDeP вилоят Кенгаши “Аёллар муаммоларини ўрганиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш” бўлими мудири Р.Салиҳова ва бошқалар мамлакатимизда хусусий тиббиётни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бераётганини, халқимиз соғлиғини муҳофаза этиш давлат сиёсати даражасига чиққанлигини таъкидлади.

– Турли касалликларнинг олдини олишда аҳоли ўртасида олиб борилаётган тушунтириш ишлари билан бирга даволаш-профилактика ишлари катта аҳамиятга эга. “Саломатлик сари” партиявий акцияси доирасида жойларда ўтказиб келинаётган бепул тиббий кўрик ва давра суҳбатлари айнан шу масалаларга қаратилганлиги билан муҳимдир, – дейди вилоят Кенгаши депутати Г.Шарапова.

Тадбирда партиянинг дастурий мақсад ва ғоялари, хусусан, аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги устувор вазифалар ҳақида сўз борди ҳамда O‘zLiDeP сафига янги аъзо бўлган иштирокчилар партия сафига қабул қилиниб, уларга гувоҳнома ва кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.