Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саломатлик сари бeш минг қадам
17:59 / 2025-04-07

Наманганда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши томонидан Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамда вилоят спорт бошқармаси билан ҳамкорликда “7 апрель – Бутунжаҳон саломатлик куни” муносабати билан “Саломатлик сари беш минг қадам” юриш марафони ўтказилди.

“Баркамол авлод” спорт мажмуасида бўлиб ўтган марафонда меҳнат фахрийлари, корхона ва ташкилотларда ишлаётган ёш ишчи-хизматчилар, ходимлар, олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларида таҳсил олаётган касаба уюшмалари фаоллари иштирок этди. Касаба уюшмалари федерацияси Наманган вилояти кенгаши раиси Ҳасанбой Хўжаев Ўзбекистон Касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик юбилейи олдидан ташкил этилган, пиёда юриш тарғиботига қаратилган мазкур марафоннинг соғлом турмуш тарзини қарор топтиришдаги аҳамияти, мақсад-вазифалари хусусида сўз юритди. 

Вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Ирода Қўчқорова, республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Мусохон Аппақов қайд этганидек, Бутунжаҳон Саломатлик куни 1948 йил 7 апрелда Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти куни ташкил топган сана сифатида ҳар йили бутун дунё миқёсида кенг нишонлаб келинмоқда. 

– Ҳаётимни жисмоний тарбия ва спортсиз тасаввур қила олмайман. Шу боисдан ҳам ёшим етмишдан ошса ҳам соғломман, касаллик нималигини билмайман. Ёшларга хос куч-ғайратим, шижоатимни кўрган тенгдошларим менга ҳавас билан қарашади. Дўстларимга эса ҳамиша пиёда кўпроқ юришни маслаҳат бераман, – дейди меҳнат фахрийси Шокиржон Қорабоев. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА