Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий болалар тиббий реабилитация марказида тиббиёт муассасалари ходимлари орасида спортнинг мини футбол, шашка, шахмат ва стол тенниси бўйича спартакиада мусобақаларининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилди.
Мазкур мусобақа тиббиёт муассасалари ходимларини жисмоний фаоллигини ошириш, саломатликларини мустаҳкамлаш, улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши қўшма қарори асосида ташкил этилди.

Спартакиада мусобақалари якунида мини футбол бўйича биринчи ўринни Чимбой туман тиббиёт бирлашмаси, иккинчи ўринни Кегайли туман тиббиёт бирлашмаси, учинчи ўринни эса Шуманай туман тиббиёт бирлашмаси жамоалари эгаллашди. Бошқа спорт турлари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Спартакиада ғолиблари Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан диплом, медаль ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.
Мусобақаларнинг ҳар бир спорт тури бўйича ғолиблари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган финал босқичида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритишди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири