Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саломатлик маскани аҳолига хизмат кўрсатишни бошлади
15:31 / 2024-10-07

Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги “Қораулон” МФЙда шифокорлик пункти фойдаланишга топширилди. Мазкур маскан Қораулон маҳалласидаги бешта қишлоқда яшовчи 4 минг 500 дан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади.

Саломатлик маскани замонавий талабларга мос равишда жиҳозланган бўлиб, аҳолига сифатли ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шарт-шароит яратилган. Шунингдек, пунктда кундузги стационар бўлиб, унда беморлар зарур даволаш ва диагностика хизматларидан фойдаланишлари мумкин.  

Айни кунда ҳудудда 50 дан ошиқ ҳомиладор аёл ва 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган 5 нафар, 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган 47 нафар фуқаро мазкур тиббий хизматлардан фойдаланмоқда.  

Шифокорлик пункти биноси “Jo‘ynav sity savdo baraka” МЧЖ томонидан барпо қилинди. Қурилиш учун жами 1 миллиард 700 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Ботир Собиров раҳбарлигидаги қурувчилар жамоаси ўтган ойларда бу иншоотда белгиланган ишларни тўлиқ ва сифатли якунлади.  

Шифокорлик пунктининг очилиш маросимида туман ҳокими Алишер Файзуллаев бошчилигидаги жамоатчилик вакиллари, тиббиёт бирлашмаси ходимлари, аҳоли вакиллари иштирок этди. Маросимда сўзга чиққанлар қораулонликларни янги маскан билан самимий табриклади ва тиббиёт муассасасининг  аҳоли саломатлигини сақлаш ва яхшилашдаги ўрни хусусида тўхталди.  

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.