Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Саломатлик марафони”
15:06 / 2026-01-26

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларни барвақт аниқлаш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида Бухоро марказий деҳқон бозори ҳудудида “Саломатлик марафони” доирасида оммавий тадбир ташкил этилди.

Тадбир давомида аҳоли ўртасида соғлом овқатланиш, жисмоний фаолликни ошириш, зарарли одатлардан воз кечиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.

Шунингдек, кўчма мобил тиббий техникалар ёрдамида фуқаролар учун бепул тиббий кўриклар ўтказилди. Кўрик жараёнида фуқароларнинг қон босими, тана вазни ва умумий саломатлик кўрсаткичлари текширилиб, мутахассислар томонидан тегишли тиббий тавсиялар берилди. Заруратга кўра, айрим фуқаролар қўшимча ва чуқурлаштирилган текширувлар учун тиббиёт муассасаларига йўналтирилди.

Тадбирда Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Хушнуд Жалилов сўзга чиқиб, “Саломатлик марафони”нинг аҳоли саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашдаги аҳамияти, касалликларни барвақт аниқлаш ва профилактика ишларини кучайтиришда бундай оммавий тадбирларнинг ўрни муҳим эканини таъкидлади. Шунингдек, у фуқароларни мунтазам тиббий кўриклардан ўтиб туришга ва соғлом турмуш тарзига амал қилишга чақирди.

“Саломатлик марафони” доирасида ўтказилаётган мазкур тадбирлар аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш, профилактик тиббиётга бўлган эътиборни кучайтириш ва соғлом жамиятни шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.