Мамлакатимизда хотин-қизлар саломатлигини асраш, улар учун муносиб турмуш шароитини яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Бу борада, айниқса, аёллар ўртасида энг кўп тарқалган хавфли ўсма касалликларидан бири бўлган кўкрак бези саратонининг олдини олиш ва уни эрта босқичларда аниқлаш муҳим аҳамият касб этади.

Шу мақсадда, ҳар йили октябрь ойи дунё миқёсида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам "Кўкрак бези саратонига қарши кураш ойлиги" сифатида кенг нишонланади. Жорий йилда ҳам ушбу ойлик доирасида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан 15 октябрь — Бутунжаҳон кўкрак бези саратонига қарши кураш кунига бағишланган кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Партия ташаббуси билан "Эрта аниқла — ҳаётни сақла!" шиори остида бутун республика бўйлаб турли акциялар, марафонлар ва тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда. Ушбу ташаббуснинг асосий мақсади жамиятда соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш, аҳолининг, айниқса, хотин-қизларнинг тиббий маданиятини юксалтириш ва уларни ўз саломатлигига эътиборли бўлишга чақиришдан иборат.
Энг муҳими, кўкрак бези саратонини эрта босқичда аниқлашнинг инсон ҳаётини сақлаб қолишдаги ҳал қилувчи ўрни ҳақида жамоатчилик хабардорлигини оширишдир.
Мазкур лойиҳа доирасидаги навбатдаги йирик тадбирлардан бири Хоразм вилоятида бўлиб ўтди. “Адолат” СДПнинг Хоразм вилоят ва Урганч шаҳар Кенгашлари вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят перинатал маркази, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Хоразм филиали ҳамда вилоят ОИТСга қарши кураш маркази билан ҳамкорликда саломатлик марафонини ташкил этдилар.

Марафон давомида иштирокчиларга нафақат кўкрак бези саратони, балки репродуктив саломатлик, юқумли касалликларнинг олдини олиш каби долзарб масалалар юзасидан ҳам малакали мутахассислар томонидан зарур маълумотлар ва тавсиялар берилди.
Марафонда иштирок этган тиббиёт ходимлари ва партия фаоллари кўкрак бези саратони бугунги кунда ҳукм эмаслигини, касаллик ўз вақтида, яъни биринчи ёки иккинчи босқичда аниқланса, уни даволаш самарадорлиги 90 фоиздан юқори эканини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, аёлларни йилига камида бир марта маммолог кўригидан ўтиш, ўз-ўзини текшириш усулларини ўрганиш ва ҳар қандай шубҳали белгилар пайдо бўлганда дарҳол шифокорга мурожаат қилишга чақирдилар.
Бу каби тадбирларнинг ўтказилиши фуқароларнинг саломатлигини асраш, касалликларни профилактика қилиш ва аҳолининг тиббий билимларини ошириш орқали миллат генофондини соғломлаштиришдек эзгу мақсадларга хизмат қилади.
ЎзА