Инсон шифохонага шифо излаб келади. Аммо баъзан у ернинг ўзида касаллик юқтириб олиши мумкинлигини эшитганда, бундан оғриқли ва ўйлантирувчи ҳолат бўлмаса керак.
Бу фақат тиббий эмас, балки жамиятнинг саломатлик маданияти ва масъулияти билан боғлиқ муаммодир. Шу боис кейинги йилларда мамлакатимизда “шифохона ичи инфекциялари”ни олдини олиш бўйича қатъий тизим яратилаётгани бежиз эмас.

Сирдарё вилоятида ҳам бу йўналишда изчил ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида вилоятдаги 294 та тиббиёт муассасасида жами 477 марта текширув ўтказилди. Бу ўтган йилга нисбатан кўпроқ.

– Текширувлар жараёнида айрим тиббиёт муассасаларида инфекция назорати тизими етарли даражада йўлга қўйилмагани, тиббиёт ходимлари томонидан беморларнинг эпидемиологик анамнези тўлиқ йиғилмаётгани аниқланди, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Жўрабек Ҳасанов. – Масалан, беморнинг аввал ўтказган юқумли касалликлари, олган муолажалари ёки охирги икки ойда чет элга чиққанлиги ҳақидаги маълумотлар кўп ҳолларда тиббий ҳужжатларда акс этмаган. Бу эса юқумли касалликлар хавфини эрта аниқлаш ва тарқалишини олдини олишда жиддий тўсиқ бўлмоқда.

Демак, инфекция назорати фақат дезинфекция ёки стерилизация билан чекланмайди. Бу — ташкилий, тиббий, санитар ва маънавий масъулиятни ўз ичига олувчи узлуксиз жараёндир. Ҳар бир шифокор ва ҳамшира ўз ишининг хавфсизлиги учун шахсан жавобгар бўлиши керак.
Текширувлар “Шифохона ичи инфекциясини олдини олиш тўғрисидаги” ҳамда “Тиббий чиқиндиларни йиғиш, сақлаш ва утилизация қилиш тўғрисидаги” ҳужжатлар асосида ўтказилди. Шунингдек, вирусли гепатит, грипп ва бошқа юқумли касалликларнинг олдини олишга оид меъёрий талаблар ҳам инобатга олинди.
Натижада санитария талабларини бузганлик учун 383 нафар тиббиёт ходимига нисбатан 666 миллион 778 минг сўмлик маъмурий жарималар қўлланилди. Санитар ҳолати талабга жавоб бермагани учун 11 та давлат ва 14 та хусусий клиника фаолияти вақтинча тўхтатилди. Шу билан бирга, 24 нафар тиббиёт ходими вақтинчалик ишдан четлатилди, 51 та тақдимнома киритилди.
Бу рақамлар кўпчиликни ўйлантиради. Аммо уларнинг ҳар бири тизимдаги бўшлиқ ва масъулиятдаги заиф нуқталарни кўрсатади. Ахир, инсон саломатлиги билан боғлиқ ҳар бир хато — пул билан ўлчанмайдиган йўқотишдир.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйича камида 1,4 миллион бемор шифохона ичи инфекцияси сабабли қўшимча даволанишга муҳтож бўлади. Бу фақат статистика эмас, бу инсон тақдирлари, орзу-умидлар ва ҳаёт синовларидир. Шу боис инфекция назорати нафақат тиббий, балки маънавий бурч ҳамдир.
Сирдарё вилоятида бу борада ижобий ишлар ҳам кўп. Ҳар бир шифохонада инфекция назорати бўйича масъул шахс тайинланмоқда, тиббий чиқиндилар билан ишлаш тизими янги стандартлар асосида ташкил этилмоқда. Ходимлар учун санитар маданиятни ошириш бўйича мунтазам ўқув-семинарлар ўтказилмоқда. Бу — тоза муҳит, хавфсиз хизмат ва ишончли даволаниш сари ташланган муҳим қадамлардир.
Саломатлик тизимида ҳар бир қарор, ҳар бир ҳаракат инсон ҳаёти билан боғлиқ. Шунинг учун профилактика — касалликни даволашдан кўра самарали ва арзон йўл ҳисобланади. “Шифохона ичи инфекциялари” масаласи бугун нафақат соғлиқни сақлаш соҳасининг, балки бутун жамиятнинг масъулиятига айланди. Чунки саломатлик хавфсизлиги — бу фақат тиббий масала эмас, у халқнинг маданияти ва масъулиятини кўрсатадиган кўзгудир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири