Янги йил байрами арафасида Андижон вилоятининг энг олис ҳудуди Улуғнор туманида “Саломатлик карвони” шиори остида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган қатор тадбирлар ўтказилди.
Вилоят ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирларда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолининг соғлом турмуш тарзи борасидаги билимларини ошириш, тиббий маданиятни янада юксалтириш хусусида сўз юритилди.

Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Комилжон Комилов, соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Шоҳруҳмирзо Мамажонов фуқароларнинг соғлиқни сақлаш соҳасига оид мурожаатларини эшитди, кўтарилган муаммо ва масалаларнинг аксарияти жойида ҳал этилди.
Тадбирлар доирасида ташкил этилган тиббий кўрик давомида 81 нафар тор соҳа мутахассиси, 23 нафар ихтисослашган тиббиёт марказлари раҳбарлари томонидан 2 минг 500 нафарга яқин фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Фуқароларга саломатлигини яхшилаш бўйича зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди, бир гуруҳ фуқароларга даволаниш ҳамда қўшимча текширувлардан ўтиш учун йўлланмалар расмийлаштирилди.

Шунингдек, тадбир жараёнида онкологик, кўз, ўпка ҳамда аёллар касалликлари бўйича скрининг текширувларини ўтказиш учун махсус жиҳозланган автобуслар хизмат кўрсатди.
Тадбирлар доирасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи “Саломатлик майдончаси” ҳамда “Соғлом овқатланиш ярмаркаси” ташкил этилди. Аҳолига тўғри овқатланиш, қандли диабет, гипертония каби касалликларнинг олдини олиш, зарарли одатлардан сақланиш бўйича тавсиялар берилди, махсус буклетлар ва эслатмалар тарқатилди.

Ф. Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари