Тошкентлик Гулчеҳра Обидова 64 ёшда. Онахон бундан тўрт йил олдин инсультни бошдан ўтказган эди. Шундан сўнг у тез-тез шифокор кўригига бориб даволанди. Аммо танадаги ўзгаришлар, ушбу хасталикнинг асоратлари уни мунтазам безовта қилади. Шу боис у доимий даволанишга муҳтож.
Мамлакатимизда сурункали мия қон-томир етишмовчилиги билан боғлиқ касалликларнинг олдини олиш ва даволашнинг самарали тизимини ташкил этиш, уйқу артерия стенозига чалинган беморларни жарроҳлик амалиёти орқали даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 мартдаги “Республика хирургик ангионеврология ихтисослаштирилган маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинган.
Мазкур ҳужжат билан Республика хирургик ангионеврология ихтисослаштирилган маркази ташкил этилган. Айни вақтда марказ кўплаб шифо умидидаги юртдошларимизга хизмат кўрсатиб келмоқда.
Маълумки, ангионеврология неврология асаб тизимининг қон-томир касалликлари билан шуғулланадиган бўлимидир. Марказ мия қон-томир етишмовчилиги касалликлари профилактикаси, диагностикаси ва уларни даволашнинг замонавий усулларини энг аввало ҳудудий тиббиёт муассасаларида жорий этишга хизмат қилади. Шунингдек, мия қон-томир етишмовчилиги касалликларини даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш йўли билан уйқу ва юракнинг қон томирлари артериялари шикастланишига чалинган беморларни даволайди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/wFB5pf6reoo" title="Энг қадрли неъмат (+видео)" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Ўтган 2022 йилнинг октябрь ойидан бошлаб марказ Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан ҳамкорликда беморларда мутлақо бепул жарроҳлик амалиётларини ўтказмоқда.
Фарғоналик Рустам Тешабоев қўшни Қозоғистон Республикасига ишлагани кетган эди. Тақдир тақозоси билан бегона юртда юрак хуружини бошдан кечирди. Уни зудлик билан шифохонага олиб боришди. Даволанган бўлса-да, жиддий асорат ва хавф сақланиб қолди. Турмуш ўртоғи Зебохон Тешабоеванинг айтишича, бемор ҳаракатсиз ётган ва гапира олмаган, оғир аҳволда Тошкентга келтирилган. Хусусий клиникада даволангач, шифокорлар унга ангионеврология марказига йўлланма берган. Оғир аҳволдаги бемор имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни электрон ахборот тизими орқали ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тизими орқали навбатга қўйилиб, қисқа фурсатда жарроҳлик амалиётини ўтказди. Амалиёт Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилди. Айни вақтда Рустам Тешабоев ўзи ҳаракатлана оляпти ва нутқ фаолияти ҳам тикланяпти.
Маълум қилишларича, 40 ўринга эга марказ ўтган 2022 йилнинг октябрь ойидан бошлаб Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан ҳамкорликда 200 нафарга яқин беморга бепул хизмат кўрсатди. Бунинг учун марказга жамғарма томонидан 1,4 миллиондан зиёд маблағ йўналтирилган.
Бу марказда невропатолог, қон-томир жарроҳи ва бошқа бир гуруҳ шифокорлар фаолият юритади ҳамда беморларга малакали хизмат кўрсатади.
Барно Мелиқулова, ЎзА