Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Саломатлик” акциясида россиялик мутахассис иштирок этди
14:32 / 2023-04-29

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали ташаббуси билан вилоят марказидаги кўп тармоқли марказий поликлиникасида тиббий кўрик ўтказилди.

Тадбирда россиялик аритмолог мутахассис П. Мезенцев билан бирга қатор хорижий давлатлар етакчи клиникаларида тажриба орттирган юрак, қон-томир жарроҳлари, ЛОР, гастроэнтеролог, нейрохирург, травматолог, болалар хирурги, оториноларинголог, офтальмолог, педиатр, гинеколог, невролог ва бошқа ўттиздан ортиқ тор доирадаги мутахассис шифокорлар қатнашди. 


Аҳамиятли жиҳати, мутахассислар билан бирга тиббий кўрикда замонавий диагностик текширув усулларидан ҳам кенг фойдаланилди. Зеро, бундан мақсад давлатимиз раҳбарининг тиббиётни халққа яқинлаштириш сиёсатини қўллаб-қувватлаш, қолаверса, ўз соҳаси билимдонларини бирламчи тиббий-санитария муассасалари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, сифатли ва юқори малакали тиббий хизматни ташкил этишдир. 
Тиббий кўрикда ўз саломатлигига бефарқ бўлмаган 955 нафар фуқаро мутахассислар кўриги ва ташхис текширувларидан ўтди. Уларнинг асосий қисмини маҳалла фуқаролар йиғинларида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ҳисобида турган аҳоли қатлами ташкил қилди. 

Врачлар тавсия ва кўрсатмаларига биноан 52 нафар фуқаро МСКТ, 76 нафар фуқаро рентген, 69 киши ультратовушли томография текширувидан ўтказилди. Жиддий касаллик аломатлари аниқланган 76 нафар беморга вилоят даволаш муассасаларида, 52 нафар беморга шаҳар тиббиёт бирлашмасида ва 613 нафар беморга амбулатор шароитда даволаниш тавсия этилди. 
Шунингдек, чуқурлаштирилган тиббий кўрик жараёнида мутахассислар томонидан 3 та аритмологик, 20 та қон-томир жарроҳлиги, 20 та кардиожарроҳлик йўналишида юқори технологияли кам инвазив операциялар ўтказишга доир чора-тадбир белгиланди. Бугуннинг ўзида мутахассислар томонидан Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмаси ва Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида тиббий кўрикда аниқланган хирургик беморлардан 14 нафарида жарроҳлик амалиёти амалга оширилди. 

–Бу холестецид эктомия, яъни ўт-тош касаллиги билан оғриган беморларда лопороскопик усулда ўт қопини олиб ташлаш, жарроҳлик амалиётларидан кейинги вентраль, яъни, қорин олд девори чурраларини бартараф этиш, таянч ҳаракат аъзоларида қон-томир тизими бузилиши варикоз касаллигига доир жарроҳлик операциялари бўлиб, юқори малакали врачлар иштирокида бажарилди, –дейди республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали қон-томир касалликлари жарроҳи Нодир Саломов. – Айтиш мумкинки, барча амалиёт муваффақиятли ўтди. Беморларга уч-тўрт кунда врач назорати остида уйларига рухсат берилади. 

Шу билан бирга тиббий кўрик жараёнида кардиохирургик, травматологик, аритмологик, қон-томир хирургияси (варикоз), микрохирургик, нейрохирургик ҳамда буйрак ва жигар трансплантацияси операциясига муҳтож бўлган беморлар танлаб олинди. Уларда юқори технологик кам инвазив операциялар амалиёти олиб борилиши режаси тузилди. Бухоро шаҳрида шу каби ҳамкорликдаги тиббий кўрик ва жарроҳлик амалиётлари мунтазам ташкил этилади. 


Зариф Комилов, ЎзА