“Салом, Сардоба, биз биргамиз!” хайрия акциясида аҳоли ва тадбиркорлар фаол иштирок этди
Исми сир қолишини илтимос қилган тадбиркор болалар учун мингта футболка тақдим этди.
Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омборида юз берган фалокат оқибатида жабр кўрганларга кўмаклашиш мақсадида Адлия вазирлиги ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан “Салом, Сардоба, биз биргамиз!” хайрия акцияси ташкил этилди.
Сирдарёликларга ёрдам қўлини чўзишга шошилган саховатли юртдошларимиз жорий йилнинг 3-5 май кунлари давомида ҳаётий зарур эҳтиёжлар учун мўлжалланган буюмларни ва озиқ-овқат маҳсулотларини топширишди.
Жумладан, Альбина Каримова, Отабек Шералиев, Исломазиз Бегматов, Алексей Цой ва шу каби 100 дан ортиқ фуқаролар болалар ва катталар учун янги кийимлар, сочиқлар, идиш-товоқлар, гигиена воситалари ва ҳатто болалар ўйинчоқлари олиб келишди.
Ижтимоий тармоқларда фаол бўлган ва ҳомийлик тадбирларида мунтазам қатнашиб келаётган Умида Ҳусаинова ҳам акцияга қўшилган ҳолда 50 миллион сўмдан ортиқ қийматдаги маҳсулотларни етказди.
Исми сир қолишини илтимос қилган тадбиркор болалар учун мингта футболка тақдим этди.
Бу жараёндан нафақат фуқаролар, балки ташкилотлар ҳам четда турмади. Масалан, “BEVERLee Business” МЧЖ томонидан 1 минг 750 дан ортиқ шахсга мўлжалланган зарурий буюмлар олиб келинди.
Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти эса жами 5,5 минг дона кўрпа-тўшак, ёстиқ ҳамда елим этиклар ва гигиена воситаларини туҳфа қилди.
Ўзбекистон-Туркия ишбилармонлари уюшмаси (UTID) ва Шодиев халқаро фонди томонидан 1,5 мингта ижтимоий ёрдам тўплами, 260 елим халтада трикотаж маҳсулотлари, 50 сумкада ўқувчилар учун канцтоварлар топширилди.
10 дан зиёд машиналарга ортилган юклар санитария кўригидан ўтган ҳолда ички ишлар органлар кузатуви остида Сирдарё вилоятига етказилди.
Гуманитар ёрдам икки гуруҳга бўлинган ҳолда Гулистон шаҳри ва Оқолтин туманида ўз эгаларига тарқатилди.
Биринчи гуруҳ юклари Гулистон шаҳридаги Юридик коллеж биносига (400 нафар фуқаро) ҳамда Гулистон ихтисослаштирилган санъат мактаби биносига (300 нафар фуқаро) жойлаштирилган сирдарёликларга берилди.
Иккинчи гуруҳ Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманига ташриф буюриб 150 нафардан ортиқ фуқароларга озиқ-овқат, кийим-кечак ва гигиена воситаларини топширилди.
Офатдан жабрланган фуқароларимиз ушбу кўрсатилган ёрдам учун, оғир кунларда уларга елкадош бўлган барчага ўзларининг миннатдорчилигини изҳор этишди.
Қайд этиш лозимки, акция доирасида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан махсус ҳисоб рақами (20212000100981895003) очилган бўлиб, бугунги кунга қадар ташкилотлардан 67 миллион сўм ўтказилди.
Payme ва Click тўлов тизимлари орқали фуқаролардан 36 миллион сўм келиб тушди.
Ушбу маблағлар фалокатдан жабр кўрган сардобаликларга ўзлари билан бевосита маслаҳатлашган ҳолда, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш учун керак бўлган эҳтиёжларига йўналтирилади.
Бугун хайрия акциясига ўзининг беминнат ҳиссасини қўшишга
ошиққан юртдошларимиз, тадбиркорларимиз ўзига хос бағрикенглик, ҳамжиҳатлилик каби фазилатларни яна бир бор намоён этмоқда.