Қўқон дунё ҳунармандларининг пойтахтига айланди. 70 та давлатдан келган 278 нафар хорижлик ва республикамизнинг турли вилоятларидан мингга яқин ҳунармандлар Қўқонда ўтаётган III халқаро ҳунармандчилик фестивалида қатнашмоқда.
Шунингдек, анжуманда халқаро даражадаги тадқиқотчилар, олимлар, дизайнерлар ва амалий соҳадаги мутахассислар иштирок этмоқда. Халқаро матбуот маркази орқали 50 дан ортиқ журналист ва блогер тадбирни ёритяпти.
Бугун шаҳарнинг марказий кўчаси бошига ўрнатилган рамзий дарвоза олдида фестивалнинг рамзий тасмаси кесилди ва карнай-сурнайлар остида унинг иштирокчилари шаҳарга кириб келдилар. Улар орасида ноёб ҳунар сирларини авлоддан-авлодга ўтказиб келаётган устазодалар, ҳунармандчилик илмини рўёбга чиқарган олимлар, қўл иши – тўқима мато, кашталардан бири-биридан гўзал кийимлар тиккан дизайнерлар, ҳунармандчилик маҳсулотлари менежерларигача бор эди.
– Мен Австриядан келдим. Касбим қўғирчоқлар ясаш ва улар учун кийим тикиш. Бунда мен тарихий асар қаҳрамонлари, замонавий кийим дизайнларидан андоза оламан, – дейди Патрик Селватор. – Қўқон, Ўзбекистон менга жуда ёқди. Ҳунарманд шунчалар қадрланадиган юртни кўрмагандим. Ҳайратим чексиз. Ҳа, дарвоқе, Австрия павильонига келинг, қўғирчоқларимни кўринг.
– Биз Беларусдан келдик. Шахсан мен Қўқон фестивалида иккинчи бор иштирок этяпман, – дейди ўзини тўқувчи дея таништирган Марина Гушо. – Таассуротларим чексиз. Ўзбекистон дунё ҳунармандчилиги ривожига жуда катта ҳисса қўшмоқда. Шундай фестиваллар беларусь ҳунармандчилиги халқаро майдонда муносиб ўрин топишига ҳам сабаб бўляпти.
III халқаро ҳунармандчилик фестивалининг яна бир ўзига хос жиҳати шунда эдики, бу гал имконияти чекланган ҳунармандлар ҳам бошқа ҳамкасблари қатори баб-баробар иштирок этишмоқда.
– Мен Қашқадарёдан келдим, – дейди Маҳлиё Йўлдошева. – Ҳеч қачон халқаро фестивалларда қўл меҳнатим намуналари билан иштирок этаман деб ўйламагандим. Президентимиздан чексиз миннатдорман. Улар туфайли ногиронларнинг қадди кўтарилди. Масалан, менинг арзимас хизматимни юқори баҳолаб “Шухрат” медали билан тақдирладилар. Фестивалга бошқа давлат ҳунармандлари маҳсулотидан кам бўлмаган қўл ишларимни олиб келганман.
[gallery-25371]
Ўрда майдони этагида минглаб ҳунармандларни Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров қутлади.
– Халқ фаровонлиги, ҳунармандчилик ривожи муҳтарам Президентимиз олиб бораётган ислоҳотлар туфайлидир, – деди вилоят ҳокими.
Жаҳон ҳунармандлар кенгаши раиси Саад ал Қаддуми Ўзбекистон халқи ва унинг Президентига учинчи бор дунё ҳунармандларини жамлаб ўзаро тажриба алмашиш, ютуқларни намойиш этиш учун яратган шароитлар учун миннатдорчилик билдирди.
Шундан сўнг бу йил қуриб битказилган жаҳон ҳунармандлари кўргазмасига кираверишдаги “Хўқанди латиф” аталмиш арк ва кўргазма савдо пештоқлари очилди. Фестиваль қатнашчилари ҳамда Қўқон аҳли унинг биринчи томошабини бўлдилар. Бу ерга 70 та мамлакат усталари ҳамда мамлакатимиз ҳунармандлари ясаган, тўқиган, ишлаб чиқарган маҳсулотлар қўйилган эди.
Барчанинг тилида бир гап: салом Қўқон, салом фестиваль!
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ECt6Gx-S5bU" title="Salom Qo‘qon, salom festival!" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(сурат, видео), ЎзА