Салоҳиятли кадрлар захирасига киритилган номзодлар икки ҳафта давомида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармаларида амалиёт ўтади.
–Давлатимиз раҳбари агентлигимизга маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари орасидан юқори натижаларга эришган минг нафарини Салоҳиятли кадрлар захирасига киритиш вазифасини топширган, – дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул ходими Дилшодбек Сайидаҳмедов. – Бунинг учун 754 нафар ҳоким ёрдамчилари, 196 нафар ёшлар етакчилари ва 50 нафар хотин-қизлар фаоллари саралаб олинди.
Салоҳиятли кадрлар захирасига киритилган номзодларнинг билим ва кўникмаларини мунтазам равишда ошириб бориш, уларнинг ичидан энг яхшиларини саралаш, юқори лавозимларга тавсия этиш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.
Жумладан, номзодлар бир йилга мўлжалланган “Шахсий ривожланиш режаси”ни ишлаб чиқди. Давлат фуқаролик хизматчилари учун махсус масофавий малака ошириш курсида турли соҳалар бўйича билим ва кўникмаларини оширди.
Номзодларнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармаларида стажировка ўташини таъминлаш мақсадида агентликнинг ҳудудий филиаллари ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тажриба орттириш жадваллари ишлаб чиқилди.
Мақсад – номзодларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда амалиёт билан уйғунлигини таъминлаш, ўзларининг хизмат вазифаларини самарали амалга ошириш учун касбий малака ва бошқарув маҳоратини оширишдан иборат.
Номзодлар икки ҳафта давомида ўзлари бириктирилган маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, республика давлат бошқаруви органларининг ҳудудий тузилмалари (департамент, бошқарма, бўлим) раҳбарлари ёки уларнинг биринчи ўринбосарлари назорати остида ташкилот ва унинг фаолияти билан яқиндан танишиш, иш жараёнларида фаол иштирок этиш, ташкилотнинг тегишли ҳужжатлари ва материаллари билан ишлаш имкониятига эга бўлди.
Стажировка якунлари бўйича номзодлар махсус баҳолаш бланкаси асосида баҳоланди. Стажировка раҳбарлари номзодларни баҳолашда уларнинг меҳнатсеварлиги, интизоми, масъулияти, билим даражаси, лидерлик хислати, касбий профессионализми, одоби ва муомала маданиятига алоҳида эътибор қаратди.
Салоҳиятли кадрлар захирасига киритилган номзодларнинг “Шахсий ривожланиш режаси” бажарилиши, масофавий малака ошириш курси, ташкил этилган ўқув курси ҳамда амалиётни ўташ натижалари агентликнинг махсус электрон платформаси (zaxira.argos.uz) орқали шакллантириб борилади.
Номзодларнинг натижалари асосида уларнинг рейтинги юритилади. Рейтинг кўрсаткичлари бўйича “олтин”, “кумуш” ва “бронза” захираларига ажратилади. “Олтин” захирага киритилган номзодларни бир ой муддатда хорижий стажировкага юбориш ва раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш кўзда тутилган.
Н.Абдураимова,
ЎзА