Тошкент шаҳридаги “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядро университети филиалида 2024 йил якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда филиал масъуллари, профессор-ўқитувчилар ва ходимлар иштирок этди.
Йиғилишда филиалнинг ижрочи директори Шавкат Абдукомилов жорий йил давомида амалга оширилган ишлар ҳамда келгуси режалар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Қайд этилганидек, мамлакатимиз равнақида олий таълимнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Бунда ёшларни билимли ва салоҳиятли кадрлар этиб тайёрлашда профессор-ўқитувчиларнинг меҳнати беқиёс. Тадбирда филиал педагогларининг бу йўналишда амалга ошираётган ишлари юқори баҳоланди.

Ҳозирги кунда филиалда талабалар “Ядро энергетикаси ва иссиқлик физикаси”, “Ядро физикаси ва технологиялари”, “Иссиқлик энергетикаси ва иссиқлик техникаси” ҳамда “Электр энергетикаси ва электротехника” йўналишларида таълим олмоқда.

– Жорий йил филиалимиз учун самарали йил бўлди. Бир қатор муҳим лойиҳаларни амалгаоширдик ва таълим сифатини янада ошириш йўлида қадам ташладик. Асосий мақсадимиз талабаларга чуқур билим бериш ва уларни назарий билимлар билан бирга амалий кўникмаларга эга бўлган мутахассислар сифатида тайёрлаш. Шу сабабли, дуал таълим тизимини ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратмоқдамиз. Талабаларимиз Тошкент иссиқлик электр станцияси, Ядро физикаси институти ва “Ўзбеккимёмаш заводи”да амалиёт ўтаяпти. Бу эса уларнинг касбий маҳоратини оширишга хизмат қилмоқда. Ўтказилган тадбирда бу бўйича бир йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, келгуси режалар белгилаб олинди, – деди филиалнинг ижрочи директори Ш.Абдукомилов.
Йиғилиш якунида фаол ўқитувчи ва ходимлар раҳбарият томонидан эътироф этилди ва ташаккурномалар билан тақдирланди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА