Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Салоҳиятли кадрлар резервини шакллантириш учун минг нафар номзод саралаб олинган
17:04 / 2023-04-12

Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова маълум қилди.

Қайд этилишича, салоҳиятли кадрлар резервини шакллантириш бўйича топшириқлар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари орасидан 1 000 нафари саралаб олинди.Ушбу йўналишдаги ишлар Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Саралаб олиш жараёни фаолиятни ўрганиш, маҳалла аҳолисидан келиб тушган мурожаатларнинг ижобий ҳал этилганлиги, интеллектуал салоҳиятни аниқлашга қаратилган тест синови ҳамда суҳбат каби босқичларни ўз ичига олди. Бунинг натижасида жами 754 нафар ҳоким ёрдамчиси, 196 нафар ёшлар етакчиси ва 50 нафар хотин-қизлар фаоли саралаб олинди. Номзодларнинг компетенцияларини ривожлантириш, улар орасидан энг муносибларини юқори лавозимларга тавсия этиш мақсадида Агентлик томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, номзодларнинг бир йилга мўлжалланган шахсий ривожланиш режаси ишлаб чиқилди. Масофавий таълим платформаси орқали турли соҳалар бўйича малакаси оширилди. Маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда режа-жадвал ишлаб чиқилиб, уларнинг стажировка ўташи таъминланди. Стажировка якуни бўйича номзодлар стажировка раҳбари томонидан баҳоланди.

Жорий йилнинг 23 мартидан бошлаб икки ҳафта муддатга 388 нафар номзод Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари, туман (шаҳар) ҳокимлари, шунингдек, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳудудий филиаллари раҳбарларига дублёр сифатида бириктирилди. Дублёрлик номзоднинг «устоз-шогирд» анъаналари асосида раҳбарлик кўникмаларини янада ривожлантириш ва амалий тажрибасини оширишга хизмат қилади.

Номзодларнинг маълумотлар базасини тўлиқ шакллантириш, уларнинг рейтингини юритиш мақсадида “zaxira.argos.uz” рақамли платформа ишга туширилди. Ушбу дастур орқали шахсий ривожланиш режасининг бажарилиши, масофавий малака ошириш курси, стажировка ва дублёрлик натижаларидан келиб чиқиб, номзодларнинг рейтинг кўрсаткичлари шакллантирилади. Энг юқори кўрсаткичларни қайд қилган номзодларни жорий йилда хорижий малака ошириш дастурлари ва стажировкага юбориш ҳамда раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш режалаштирилган.

Ўтган давр ичида меҳнат фаолиятида ижобий ютуқларга эришган Салоҳиятли кадрлар резервидаги номзодларнинг 45 нафари турли даражадаги раҳбарлик лавозимларига тайинланди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА