Давлатимиз раҳбарининг давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида салоҳиятли кадрлар резерви тузилиши қайд этилди.
Мазкур мажлисда давлат хизмати халқни рози қиладиган тизимга айланмагани таъкидланди. Халқ қабулхоналарига вазирлик ва ҳокимликлар ходимларининг билимсизлиги ва масъулиятсизлиги ҳақида 25 мингта, уларнинг мулоқот маданияти етишмаслиги билан боғлиқ 7 мингта шикоят келиб тушган.
Шу боис давлат идораларига ишга қабул қилишнинг очиқ-ошкора тизими жорий этилади. Йил якунигача барча вакант лавозимлар очиқ ягона электрон платформага жойлаштирилади.
Давлат идораларида «маҳалладан – республикагача» тамойили асосида кадрларни ўстиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Бунинг учун 1 ноябрдан бошлаб, эски намунадаги маълумотномадан воз кечилиб, ходимнинг малакаси ва эришган натижалари илғор технологиялар асосида баҳоланади. Оддий қилиб айтганда, раҳбарликка тасодифан келиб қолишнинг олди олинади.
Салоҳиятли кадрлар резервига номзодлар фақат маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари орасидан танлаб олинади. Компетенциясига қараб, улар учун мақсадли малака ошириш курслари ташкил этилади.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Салоҳиятли кадрлар резервини шакллантиришга киришилди.
Агентлиги масъул ходимлари Ўрта Чирчиқ тумани ҳокимлигида туман маҳаллаларида фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчиларининг 2022 йил ярим йиллик натижаларини таҳлилдан ўтказди.
Учрашувда юқори ва паст кўрсаткичлардаги ҳоким ёрдамчилари фаолияти бўйича маълумотлар берилди. Тизимдаги муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича фикр алмашилди.
«Салоҳиятли кадрлар резерви» учун номзодларни саралашда эътибор қаратиладиган жиҳатлар, албатта юқори натижа кўрсатаётган давлат хизматчилари бу рўйхатдан жой олиши тушунтирилди.
Бундай тадбирлар барча туман ва шаҳарларда ўтказилади. Таҳлиллар натижаси бўйича энг юқори кўрсаткични банд этган кадрлар резервга олинади.
Н.Абдураимова, ЎзА