Ўтган 2025 йилнинг 1 декабридан 30 декабрга қадар мамлакатимиз миқёсида ўтказилган “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” якунлари бўйича Сирдарё ИЭСда кенгайтирилган йиғилиш ташкил этилди.
Ушбу тадбирда корхонада олиб борилган ишлар таҳлил қилинди, аниқланган камчиликлар муҳокама қилинди ва уларни бартараф этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди. Шу билан бирга, тадбирларда фаол иштирок этган ходимлар ҳам алоҳида эътироф қилинди.

Мамлакатимиздаги энг йирик ишлаб чиқариш корхоналаридан бири саналган Сирдарё ИЭСнинг раҳбар ва масъул ходимлари иштирокида ўтказилган йиғилишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш нафақат кўрик-ойлиги давомида, балки ҳар кунлик асосий вазифа сифатида амалга оширилиши қатъий таъкидлаб ўтилди.

Бир ой давомида ўтказилган тадбирлар давомида ходимларнинг ёнғин ва бошқа фавқулодда ҳолатларда тўғри ҳаракатланиши синовдан ўтказилди. Шунингдек, уларнинг билим ва амалий кўникмалари ўқув машғулотлари орқали баҳоланди, бу эса ходимларнинг фавқулодда вазиятларда тез ва самарали ҳаракат қилиш қобилиятини намоён этди.

Йиғилишда кўрик ойлигида энг фаол иштирок этган цех ва жамоалар эълон қилинди. Натижаларга кўра, 1-қозон турбина цехининг жамоаси 1-ўринни, Марказлаштирилган таъмирлаш цехи 2-ўринни, 2-қозон турбина ва электр цехи жамоалари эса 3-ўринни қўлга киритишди. Ёрдамчи цехлар орасида эса Дистиллат чучуклаштириш станцияси жамоаси 1-ўринни, Марказий таъмирлаш устахонаси жамоаси 2-ўринни, Иссиқлик сув таъминоти цехи жамоаси эса 3-ўринни эгаллади.
Ғулом Примов, ЎзА