Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан Президентимиз фармонига кўра бир гуруҳ 100 ёшдан ошган нуронийлар ватанимизнинг юксак мукофоти — “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Улар орасида Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги “Боғиафзал” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи 102 ёшли Салима Фозилова ҳам бор.
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ҳамда бир гуруҳ вилоят ва туман фаоллари онахонни энг улуғ, энг азиз айём билан муборакбод этиш ҳамда “Шуҳрат” медалини топшириш учун Салима момо хонадонида бўлди.

Вилоят раҳбари Президент номидан нуроний онахонни табриклади. “Шуҳрат” медали ва байрам совғаларини топширди. Бу мукофот Салима момонинг оғир ҳаёт йўли ва машаққатли меҳнатлари эвазига берилганини таъкидлади. Оила-аъзолари билан кечган суҳбатда кексалар қанча эъзозланса, уларнинг умри шунча узун бўлади, бу табаррук инсонлар бизнинг бойлигимиз ва бахтимиздир, – деди Ботир Зарипов.
–Тинчлигимизга кўз тегмасин, халқимизнинг боши омон бўлсин, дея қўл очиб дуо қилди онахон. – Яратган эзгу ишлар бошида турган Президентимизга куч-қувват берсин. Доимо соғ-омон бўлсин.

Маълумот учун, Салима момо Фозилова 20 нафар невара, 62 нафар абера ва 7 нафар чеваранинг севимли бувижониси. Онахон турмуш ўртоғи Қосим Фозилов билан тўрт фарзандни оқ ювиб, оқ таради, тарбиялади. Элга қўшди. Ўша суронли йилларда ғўза чопиб пахта, ипак қурти боқиб, пилла етиштиришда жонбозлик кўрсатди. Ватанимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш учун бор куч-ғайратини аямай меҳнат қилди. Онахон ҳудуддаги хўжаликларни ташкил этиш жараёнида фаол қатнашган, қишлоқни ободонлаштириш, янги ерларни ўзлаштиришда жонбозлик кўрсатган.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА