Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Салим Ашур: “Ҳаётнинг давоми...”
14:24 / 2025-12-16

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб

Таниқли шоир Салим Ашурнинг “Ҳаётнинг давоми...” номли китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.

Китобдан шоирнинг Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров, таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад, адабиётшунос Қозоқбой Йўлдош, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, ёзувчи Назар Эшонқул каби сўз усталари, синчилари  билан суҳбатлари, адабиётшуносликка оид  мақолалари, адабий кузатувлари жой олган. 

Суҳбатлар, адабиётшуносликка оид мақолалар, кузатувлар – ҳамма-ҳаммаси деяри бир муҳим масала – адабиёт атрофида айланади. Миллий ва жаҳон адабиёти таҳлили, белги ва аломатлари, хусусият ҳамда йўналишлари ҳозирги даврнинг долзарб ижтимоий муаммоларига, масалаларига татбиқ этилган ҳолда қиёсий таҳлил қилинади. Уларнинг бари китобхонга адабиёт ҳаётнинг, ҳаёт адабиётнинг давоми, деган таассурот қолдиради.

Мазкур суҳбат ва мақолалар уларнинг уларнинг тагзаминидаги мушоҳадаларнинг чуқурлиги, ҳаққонийлиги, “ўзбекнинг ўқ илдизи нима?” деган саволга жавоб излангани билан ҳам китобхонни бефарқ қолдирмайди. Суҳбатларда берилган саволлар сизнинг ҳам қалбингиз оғриқлари ўлароқ янграйди:

 – Адабиёт – адаб ва тарбия воситаси, лекин у бугунги кунда ўзининг ана шу азалий вазифасидан чекинмаяптими?.. 

– Ёмон китоблар ёмон китобхонни тарбиялайдими ёки ёмон китобхон туфайли ёмон китоблар ёзиладими?.. 

– Бугунги глобаллашув шароитида маданият, жумладан, адабиётнинг миллий ўзига хослигини сақлаб қолишда зиёлиларнинг вазифалари нималарда кўринади?.. 

– Миллий онг, миллий мафкура, миллий ғоя... – Булар жамиятда, миллатга нима учун керак? Уларнинг шаклланиши ва ривожланишида адабиёт ва санъатнинг аҳамияти ва таъсири қай даражада деб ўйлайсиз?.. 

– Бир қоида бор: ўқитувчининг ўзи ўқиган бўлиши керак. Шундай экан, ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси қандай ўқитилиши, қандай тайёрланиши лозим, деб ҳисоблайсиз?.. 

– Адабиёт миллатни руҳлантирадиган, бунёдкорлик кайфиятини уйғотадиган бемисл маънавий куч. Яъни “атомдан кучли”. Сўз санъатининг ана шу буюк қудрати, сизнингча, ҳозирги пайтда қандай ишламоқда?... каби саволларга жавобларни диққат билан ўқийсиз ва муаллифдан  ҳам, унинг суҳбатдошларидан ҳам миннатдор бўласиз.

Ўзига хос мушоҳада тарзига эга, адабиёт, миллат дардини юрак-юракдан ҳис этиб қалам тебратадиган беғубор шоир Салим Ашурнинг “Ҳаётнинг давоми...” номли китобини, албатта, ўқинг...

ЎзА