Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саксовул уруғидаги фалсафа
09:10 / 2025-04-08

4-5 апрель кунлари Самарқандда ўтказилган халқаро иқлим форуми давомида Конгресс марказида Орол маданият саммити экспозицияси намойиш этилди.

Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилган “Сув, ер ва ҳаёт” деб номланган кўргазмадан нидерландиялик фотосуратчи Иван Баан томонидан олинган бир нечта сурат, Оролбўйи минтақасидан келтирилган саксовул уруғи, денгиз ўрнидан топилган чиғаноқлар, туз, қуритилган исириқ, нақшли намат сингари ўша ҳудудга хос буюм ва ашёллар ўрин олганди.  

Ашёлар сони ва улар намойиш этилаётган жой нуқтаи назаридан қараганда экспозицияни кўриш кўп вақт олмайди. Аммо Оролни, унинг ўтмиши ва бугун шу ҳолатга келиб қолиши сабаб, оқибатларини англаган инсон бу сурат ва буюмлар қаршисида узоқ ўйга толиши, хотира уммонида узоқ сузиши табиий.

– Одатда, биз бирор жойга борсак ёки саёҳат қилсак, музей ва маданият масканларига кирсак, гўзал манзараларга, бетакрор санъат асарлари ва ноёб буёмларга узоқ термулиб қоламиз, уларни яна қайта-қайта кўриш учун фотосуратга муҳрлагимиз келади, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Самарқанд вилояти кенгаши раиси Хўжақул Муҳаммадиев. – Лекин гап Орол денгизи ҳақида кетганда бундай дея олмаймиз. Тўғри, бир пайтлар бу денгиз ҳам гўзал маскан эди, инсонга ўзгача завқ берарди, кўрган киши роҳатланарди. Энди эса Оролдан инсоннинг табиатга беписанд муносабати туфайли юзага келган  экологик фалокат, туз билан қопланган улкан ҳудуд ва яна оқибатининг ҳисоб-китоби  йўқ дардлар қолди. Шунинг учун Самарқанд халқаро иқлим форуми кунларида Орол маданият саммити доирасида намойиш этилган бу кўргазмани ҳам шунчаки томоша қилиш мумкин эмас эди. Суратларнинг ҳар бири Оролнинг тадрижий ривожланиши ва бугунги ҳолати, унинг инсон тақдирига таъсирини намоён этади. Саксовул уруғи эса ана шу экологик фалокат оқибатларини бироз юмшатиш учун улкан чорадек тасаввур уйғотади кишида. Айнан саксовулгина бугун Орол денгизи ўрнида ҳосил бўлган миллион-миллион тонна тузнинг ҳавога кўтарилиб, бутун сайёрамизга тарқалишига тўсиқ бўладиган қалқон вазифасини ўтамоқда.  

Қамишдан яратилган флористик композиция ҳам бошқа жойда ёки ўзгача мавзу юзасидан намойиш этилганда ҳеч кимнинг эътиборини тортмаслиги мумкин. Лекин гап Орол  минтақаси ҳақида борар экан, бу ўсимлик ҳам бугун улкан экологик фалокатнинг бир рамзидек таассурот қолдиради, кишида.

Умуман, кўргазмадаги исириқ, туз, намат ва бошқа ашёларнинг ҳар бири Орол ва ушбу минтақанинг бугунги ҳаёти ҳақида тасаввур беради, шу воситалар сизни олис ўтмишга етаклайди, ўйлашга, мулоҳаза қилишга ва хулосалар чиқаришга ундайди.  

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири