Саховатпеша юртдошларимизнинг кўплиги қалбимизга таскин беради
Инсондан нима қолади, деганда, кўпчилик “албатта, яхшилик-да!” дея жавоб бериши аниқ.
Инсондан нима қолади, деганда, кўпчилик “албатта, яхшилик-да!” дея жавоб бериши аниқ. Бугунги синовли кунларда фуқароларимизнинг карантин қоидаларига қанчалар амал қилиш-қилмаслиги ҳақидаги баҳс-мунозаралар кўнглимизни оғритаётган бир пайтда, бағрикенг, саховатпеша юртдошларимизнинг кўплиги қалбимизга таскин бериши, шубҳасиз.
“Фаровон юрт” хайрия жамоат бирлашмаси раиси Шаҳзод Қиличев Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги айрим маҳаллаларда истиқомат қилаётган кам таъминланган оилаларга ташриф буюрди.
Шаҳзод Қиличев ва депутат Ортиқжон Ҳожиев “Мевазор”, “Гулзор-1” маҳалла фуқаролар йиғини раислари У.Тўхтаев ҳамда Э.Галиаҳметовалар билан биргаликда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан Умида Ҳидоятова, Гулмира Ғафурова, Хосият Шоназарова, Валентина Ҳайдарова, Хурсаной Жалалова, Карлюк Надежда, Диана Газбаева ҳамда Лилия Ҳусановалар хонадонида бўлиб, уларга 7 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатди.
- Эл бошига иш тушганда, элнинг ҳолидан хабар олганнинг ўрни бўлак, – дейди “Мевазор” маҳалласи Геологлар тор кўчаси 20-уйда истиқомат қилувчи Валентина Ҳайдарова. – “Фаровон юрт” хайрия жамоат бирлашмаси раиси Шаҳзод Қиличев ташаббуси билан амалга оширилган бугунги хайрия тадбири, айниқса, айни карантин даврида моддий жиҳатдан қийналиб қолган биз каби оилаларга нафақат моддий, қолаверса, маънан далда бўлди. Туманимизда улар каби саховатпеша инсонлар борлигидан суюндик!
Ш.Қиличев бугунги хайрли тадбир эртага ҳам давом этиши, навбатдаги сафар қўшни туманларда бўлиб ўтишини билдирди.
