САХОВАТ ВА КЎМАК: муҳтож оилаларга пластик карточкалар берилди (+видео)
Тошкент шаҳри Учтепа туман ҳокимлиги томонидан ҳудуддаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар сони ўрганилиб, вазият таҳлил қилинди.
Тошкент шаҳри Учтепа туман ҳокимлиги томонидан ҳудуддаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар сони ўрганилиб, вазият таҳлил қилинди. Пировардида, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида тумандаги 4500 дан ортиқ оилага амалий ёрдам бериш режалаштирилди.
Хайрия тадбирлари Латифгузар маҳалласидаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиш билан бошланди. Саховатли инсонлар кўмагида 10 оилага банк пластик карточкалари топширилди. Бу пластик карточкалар 3 ой давомида 1 миллион сўмдан тўлдириб борилади.
– Етти фарзандим бор, бир нафари иккинчи гуруҳ ногирони, – дейди Насиба Абдуллаева. – Президентимизга раҳмат, маҳалла оқсоқоллари, сахий инсонлар ҳолимиздан хабар олиб турибди. Синовли кунларда ёлғизлатиб қўйгани йўқ. Бугун ичида 1 миллион сўм пули бор пластик карточка бериб кетишди. Бу кунлар ҳам ўтиб кетар. Бизни йўқлаган, ёрдамини аямаётган барча инсонларга раҳмат.