Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саиджон Ҳамроқулов: “Ўқувчиларим дунё майдонида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қиладиган пухта билимга эга бўлсин”
15:15 / 2021-12-18

Бухоро вилояти Қоракўл халқаро математика мактабига физика фани ўқитувчиси Саиджон Ҳамроқуловнинг педагогик фаолият бошлаганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Ана шу қисқа фурсат ичида Саиджоннинг ўқувчилари Халқаро фан олимпиадаларида муваффаққиятли иштирок этиб, кетма-кет ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин олди. Фаолиятининг дастлабки йилидаёқ, ўқувчиси Бобур Ҳалимов фан олимпиадасининг вилоят босқичида фахрли 1-ўринни қўлга киритди. Ўзи эса “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” танлови вилоят ғолиби бўлди.

– Муваффақият ва меҳнат аслида эгиз тушунчалар. Чунки муваффаққият ортида ҳамиша меҳнат туради, – дейди Саиджон. – Мактабда ўқиб юрган кезларим физика фанига қизиқишим бўлакча эди. Эҳтимол бу иштиёқ фан ўқитувчимиз Норбибиш Шукурованинг қизиқарли сабоқлари туфайли уйғонгандир. Устозимдан фан сирларини ўрганиш билан бирга, кўп нарсага эришиш учун ўқувчига кўпроқ талаб қўйиш лозимлигини ҳам ўргандим. Бугун фаолиятимда ана шу ўрганганларимни қўллаяпман. Ўқувчиларни доимо ўз олдига юксак мақсадлар қўйишга ундайман. Ўтган беш йил мобайнида шуни англаб етдимки, ўқитувчи учун шогирдларининг ютуғидан ортиқроқ ютуқ йўқ. Мен шундай ютуқдан завқланиш ҳиссини туйганимдан бахтиёрман. 2017 йилда бир нафар ўқувчим фан олимпиадасининг вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритган бўлса, 2018 йилдан уларнинг сафи ҳам, натижалари ҳам ортди.  

Саиджон устознинг ўқувчилари Азимжон Хайруллаев ва Бобур Ҳалимовлар Инновацион олимпиаданинг республика босқичида ғолиб ва совриндор бўлди. Бобир Ҳалимов Мирзо Улуғбек номидаги Халқаро олимпиадада бронза медали соҳиби бўлди. Севара Остонова, Дониёр Исмоилов ва Лазиз Ражаббоевлар Озарбайжонда ўтган интеграциялашган (математика, физика ва кимё) Халқаро фан олимпиадасида кумуш медалга сазовор бўлди. 2019 йилда ҳам ўқувчилар мазкур олимпиадада муваффақиятли қатнашган. Анваржон Раҳматов кумуш, Севара Остонова эса бронза медалини қўлга киритган. Фан олимпиадасининг вилоят ҳамда республика босқичлари ғолиби бўлган Бобур Ҳалимов Исроилда ўтган Халқаро ИПҲО олимпиадасида фаол қатнашиб, сертификат билан тақдирланди.  Жорий йилнинг 8-13-ноябрь кунлари мамлакатимизда илк бор ўтказилган “Ал-Фарғоний” номидаги Халқаро физика олимпиадасида ўқувчилардан икки нафари иштирок этиб, Абдукомил Итолмасов кумуш, Мирзабек Мирзаев эса бронза медалини қўлга киритган.  

Яқиндагина бўлиб ўтган асосий фан олимпиадаларининг вилоят босқичида ҳам Абдукомил Итолмасов ва Озода Бобоқуловалар ғолиблар сафидан ўрин олди.  

–Айни пайтда кейинги босқичга пухта тайёргарлик кўряпмиз, – дейди Саиджон Ҳамроқулов. – Истагим ўқувчиларим дунё майдонида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган пухта билимга эга бўлсин.  

Зариф Комилов,  ЎзА