Андижонда “Саида Зуннунова садоқат тимсоли” деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Абдулҳамид Чўлпон жамоат фонди ташаббуси билан вилоят Кўзи ожизлар махсус кутубхонасида ўзбек адабиётининг ёрқин вакиласи, истеъдодли шоира, жозибали насрий асарлар муаллифи Саида Зуннунова таваллудининг 100 йиллигига бағишланиб ўтказилган тадбирда ёзувчи ва шоирлар, олий ўқув юртлари талабалари, умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар шоира ижоди, асарларининг ўзига хос жиҳатлари, шунингдек, унинг мураккаб ҳаёт синовларида кўрсатган матонати, турмуш ўртоғи Саид Аҳмадга бўлган чексиз садоқати ҳақида гапирди.
– Саида Зуннунованинг ижоди, айниқса, шеърлари самимийлиги ва ҳаётийлиги билан ўзбек адабиётида алоҳида ўрин тутади. Унинг шеърларида аёл қалби, она меҳри ва ватанга бўлган муҳаббат, оилага садоқат ўзгача жозиба билан тараннум этилган, – дейди Абдулҳамид Чўлпон жамоат фонди раҳбари Муҳаммадрасул Маматқулов.
Кечада Абдулҳамид Чўлпон жамоат фонди Ўзбекистон Экологик партияси вилоят кенгаши билан ҳамкорликда Саида Зуннунованинг бой адабий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш мақсадида ижодий танлов ўтказилиши эълон қилинди.
Ўқувчи ва талабалар шоира қаламига мансуб шеърлардан намуналар ўқиди, шоира шеърлари билан айтилган қўшиқлар ижро этилди.
Жозибали шеърлари, гўзал ҳаётий ҳикоялари билан халқимиз, адабиёт мухлислари қалбидан жой олган шоира хотирасига бағишланган тадбир иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.