Атоқли ижодкор Саида Зуннунова мушфиқ, мунис оналар, матонатли ўзбек аёлининг ёрқин тимсоли. Бу жиҳатлар унинг ҳам шеърий, ҳам насрий асарларида яққол кўзга ташланади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида устоз адиба Саида Зуннунова таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тантанали адабий анжуман бўлиб ўтди.
Даставвал шоирлар, ёзувчилар, адабиёт ихлосмандлари, ёшлар шоиранинг Адиблар хиёбонига ўрнатилган ҳайкали пойига гул қўйди.

Тадбирнинг асосий қисми Ёзувчилар уюшмасида давом этди. Уни уюшма раисининг ўринбосари, устоз шоира Фарида Афрўз Саида опа Зуннунова миллий адабиётимизда ўзига хос ўрин тутган қаламкаш экани, назм ва насрда бирдек самарали ижод қилгани, бугунги кунда ҳам адабиётшунос олимлар унинг ижодига доир кўплаб илмий тадқиқотлар олиб бораётганини таъкидлади.
Тадбирда филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулло Болтабоев, Ғафур Ғулом уй-музейи директори, журналист ва адиба Олмос Аҳмедова, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Муножотхон Нурматова ва бошқалар сўзга чиқди.
– Саида опанинг салкам 50 йиллик ҳаёти жуда дардли ўтди, – деди филология фанлари доктори, адабиётшунос олим Ҳамидулла Болтабоев. – Агар унинг таржимаиҳолига назар ташласангиз, истеъдоди баланд, ижодга, оиласига жуда садоқатли эканини англаш мумкин. Саида опа ўз ижоди, ибратли фаолияти билан майин жимирлаб, шовқин солмасдан, иззатталаблик қилмасдан яшаб ўтдилар. Улар турмушда ҳам, рўзғорда ҳам, ижодда ҳам юксак эътиқод билан яшадиларки, ўзбек аёлининг ташвишлари, дарду изтироблари унинг ижод намуналарида яққол кўзга ташланади.

Анжуманда сўзга чиққанлар Саида Зуннунованинг ҳаёти, ижодий фаолияти, қолдирган асарларининг аҳамияти ҳақида батафсил сўз юритди. Шеърлари ўқилди, илиқ хотиралар ёдга олинди.
Истеъдодли шоира, жозибали насрий асарлар муаллифи Саида Зуннунова 1926 йилда Андижон шаҳрида хизматчи оиласида дунёга келган. У янги замон аёллар ўзбек адабиётининг асосчиларидан бири. Ёзувчи Саид Аҳмаднинг рафиқаси.
Олий ўқув даргоҳларини тамомлагач, “Гулхан” журнали (1953-56), “Ўзбекистон маданияти” газетасида адабий ходим (1956-57), Бадиий адабиёт нашриётида муҳаррир (1957-58), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи (1962-67) бўлиб ишлаган.
Саида Зуннунованинг “Янги шеърлар” (1950), “Гуллар водийси” (1954), “Қизларжон” (1962), “Шеърлар” (1964), “Бир йил ўйлари” (1967), “Нилуфар” (1972) шеърий тўпламлари нашр этилган.
Шоира гўзал лирик шеърлар билан бир вақтда “Содиқ ва Анор” (1947), “Хайрихон” (1949), “Сурат билан суҳбат” (1966), “Қўшниларим” (1968) сингари достонлар ҳам яратган. Унинг “Гулбаҳор” (1956), “Повесть ва ҳикоялар” (1957), “Гулхан” (1959), “Дўстлик” (1960), “Қанот” (1961), “Олов” (1962), “Кўчалар чароғон” (1965), “Бўйларингдан ўргилай” (1972) сингари насрий китобларида хотин-қизлар ҳаёти ҳаққоний бадиий тажассумини топган.
“Янги директор”, “Олов”, “Одамлар орасида” қиссалари, “Она” (1966) ва “Кўзлар” (1968) пьесалари ҳам бор.
Адабиётимизнинг икки буюк намояндаларининг ҳаёти, муҳаббат ва садоқати акс эттирилган, Ўзбекистон санъат арбоби, марҳум Шуҳрат Аббосов ва Нодира Ҳусанхўжаева (Саид Аҳмаднинг қизи) сценарий муаллифлари ҳисобланмиш «Саид билан Саида» фильми 2018 йил тасвирга олинган.
Анжуманда Саида Зуннунова ижоди, унинг машаққатли ҳаёти ҳақида батафсил сўз юритилди. Шеърлари асосидаги қўшиқлар ижро этилди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири