Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саида Раметова: “Бибихоним, Увайсий ролларини ижро этиб, ўзимни ўзгартиришга ҳаракат қилганман”
14:25 / 2026-01-27

ЎзА мухбири Ўзбек Миллий академик драма театри ва кино актрисаси, Ўзбекистон халқ артисти Саида Раметова билан суҳбатлашди.

– Сиз халқ ардоғидаги санъаткорсиз. Илк бор кинода сизни ўрта ёшдаги қаҳрамонлар образида кўрганмиз. Айтингчи, актёрлик сизнинг тақдирингизга ёзилганини қачон билгансиз?

— Ёшлигимдан ашулалар айтардим, роллар ижро этиб, композициялар қилардим. "Бой или хизматчи", "Йўлчи юдлуз" каби китобларни ўқиганимда, "Баҳор қайтмайди", "Ўткан кунлар"даги образларни кўриб ҳавасим келарди. Маҳалладаги болалар, қариндош-жиянлар билан биргаликда саҳна кўринишлари қўярдик. Мактабда қандай маърифий тадбирлар бўлса, ҳаммасида фаол қатнашардим, у ерда ҳам ўзим саҳналаштирардим, қўшиқ айтардим, танловларда қатнашиб, биринчи ўринларни олганман. Лекин бундан уйдагиларнинг хабари йўқ эди, фақат онам билардилар. У пайтлари санъаткор ёки актриса бўлиш, қўшиқ айтиш уят ҳисобланарди. "Вой дод! Актриса бўласанми, бизни уятга қўясанми? Санъаткорнинг обрўси йўқ!", деган фикрда эди одамлар ўша пайтда. Ўзим ҳам ҳеч қачон санъаткор бўламан деб ўйламаганман. Бу касбни жуда яхши кўрсам ҳам, уйдагилар бунга рози бўлмаслигини билардим. 

Мактабни битириб, олийгоҳга топширмадим, оиламга ёрдам бериш учун дўконда ишладим. Яхши ишлаганим учун дугонам иккимизни Тошкентга ўқишга жўнатишган. Ўша ерда бир йил ўқиб, диплом олиб, яна Самарқандга қайтиб ишлашимиз ва Самарқанддаги кооператив институтнинг кечки бўлимида ўқишимиз керак эди. Лекин менинг санъатга бўлган қизиқишим бор эди. Устоз санъаткорлар Сора Эшонтўраева, Рихси Иброҳимова, Яйра Абдуллаева, Зайнаб Садриева, Лутфихоним Саримсоқова, Гулчеҳра Жамилова каби актриса бўламан, келажакда халқ артисти даражасигача етаман, деган истагим бўларди. 

Ўқишдаги маънавий тадбирларда фаол иштироким учун раҳбариятимиз менга ҳар ой бир марта 30 та курсдошимни театрга олиб бориш топшириғини берди. Келиб эркин мавзуда иншо: қайси театрга борганимиз, қандай спектакль кўрганимиз, кимлар роль ижро этгани, қайси қаҳрамон маъқул бўлгани, спектакль нима тўғрисидалигини ёзишимизни айтди. Бу, албатта менга жуда маъқул бўлди. Хуллас, ҳар ой курсдошларимни театрга олиб бордим ва шунда санъаткор бўламан, деган қатъий қарорга келдим. Бу эллик йил олдин бўлган воқеалар. Бир куни Ҳамза театри (ҳозирги Миллий театр)га "Кўрмайин босдим тиканни" номли зўр спектаклга бордик. Ролларни Ўзбекистон халқ артистлари Эркин Комилов ва Гулчеҳра Жамилова ижро этган. Айнан талабалар ҳақидаги спектакль бизга жуда ёқди. Шундан сўнг актрисаликка иштиёқим янада ошди. Тошкент Театр ва рассомчилик институтга ўқишга топширганман, лекин уйдагиларга айтмаганман. Чунки барибир менга рухсат беришмасди. Хуллас, юқори балл билан Театр ва рассомчилик институтига кирганман.

– Қайси ролингиз карьерангизда бурилиш нуқтаси бўлган?

– 1980 йили  ўқишни битириб, ҳозирги Ўзбек давлат драма театрига ишга келган бўлсам, доим ёш қизларни ролини ижро этганман. Лекин кинога ҳақиқатдан ҳам 35-40 ёшлар атрофида келиб, бир-биридан зўр қайнона, амма, хола ролларини ижро этганман. Томошабинларнинг айтишича, уларнинг юрагини забт этган ва карьерамда айнан бурилиш ясаган ва мени кўпчиликка танитган роль – бу "Суперкелинчак" фильмидаги ролим бўлди. Бу фильм рус ва инглиз тилларида ҳам намойиш этилган.

– Сиз онгли равишда воз кечган роллар бўлганми? 

– Кинода ҳам, театрда ҳам, сериалларда ҳам онгли равишда роллардан воз кечган вақтларим бўлган. Чунки турмуш ўртоғим - Жумадилла Раметовнинг рашки кучли эди. Салбий роль ижро этиб, томошабинларнинг кўнглини совутишдан ҳамда эрта-индин қуда-андачилик бор деб иккита тарбиялаётган ўғлимни уялтириб қўйишдан ўзимни тиярдим. Лекин бундан пушаймон эмасман. Ушанда тўғри қилган эканман дейман. 

– Кинода суратга тушиш театрда ишлашдан нимаси билан фарқ қилади?

– Битта фильмнинг дунёга келиши, у кучли ёки саёз бўладими, осон эмас. Унга қанча актёр, маблағ, техник ходимлар, гримёр, либос устаси, операторлар - жуда кўп одамлар жалб этилади ва катта масъулият билан ёндашилади. Ҳар бир даврнинг ўз актёрлари ва муаммолари бўлади. Ҳар бир даврда томошабиннинг талабларига жавоб берадиган фильмлар яратилади. Лекин биз билмаймиз, эртага қайси фильм еки қайси муаммони ёритиш кераклигини. Ниманидир режага киритиб қўйишингиз мумкин, лекин бу режангиз эртага ўзгариб кетади. Бирданига буюртма тушиши мумкин: таниқли спортчи еки тарихий фильм олишимиз тўғрисида. Мамлакатимизда актёр кўп ва уларнинг ҳаммасини роль билан таъминлаш осон эмас. Ҳозирда кўпроқ тарихий фильмлар, жадидлар ёки биздан олдин яшаб ўтган устозлар ҳақидаги фильмлар олиш талаб қилиняпти. Ҳар бир актёр тарихий фильмда роль ижро этишни хоҳлайди. Менинг фикримча тарихий фильмларни янада кўпроқ суратга олиш керак. Чунки буюк аждодларимиз жуда кўп. Шулар ҳақида фильмлар олинса, дейман. Спортда катта ютуқларга эришаётган инсонлар ҳақида фильмлар олинса, бу ёшларга мотивация беради. Уларни кўриб ёшлар жамиятга керакли инсон бўлиб етишишга ҳаракат қилади. Яхши фильмларимиз, яхши режиссёрларимиз, яхши актёрларимиз кўп. Биз дунё саҳналарига чиқяпмиз. 

 Бугунги кунда миллий киноиндустрияга нималар етишмаяпти?

– Ижро этган ролларимни ўзимдан ўтказиб ижро қиламан. Ҳар бир санъаткор учун ўзи ўйнаган роль жуда катта тарбиявий аҳамиятга эга. Роль ўйнаётиб, шу қаҳрамоним қилган хатоларни ўзим қилиб қўймай, юзим ёруғ бўлсин, деб ҳаракат қиламиз. Масалан, Бибихоним, Увайсий ролларини ижро этиб, уларнинг кўп яхши томонларини: мардлиги, меҳнатсеварлиги, илмли-билимли бўлиб, оиласи, болаларига ҳамма томонлама ибрат бўлган образлардан кўп нарсаларни ўрганганман. Уларни ижро этиб, ўзимни ўзгартиришга ҳаракат қилганман. Қайнона ролларини кўп ижро этганман. Шунинг учун мендан ҳар доим "Сиз оилада қандай қайнонасиз?" – деб сўрашади. "Яхши қайнонаман" - деб жавоб бераман. Чунки ёмон қайнона бўлишга ҳаққим йўқ. Яхши қайнона ролини ижро этаяпманми, томошабинни яхшиликка чорлаяпманми, демак шунга мос бўлишим керак. Қайнона билан келин орасидаги муносабат оилани сақлаб қолиш учун жуда муҳим. Кинодаги хатоларимга ҳаётда йўл қуймасликка ҳаракат қиламан. Иккита келиним бор, уларга ҳеч қачон ёмон гапирмаганман. Улар билан она-боладек, опа-сингилдек, дардкаш бўлишга, уларни тушунишга ҳаракат қиламан. Ижро этган роль авваламбор артистни тарбия қилиши керак. Кинода бошқа, ҳаётда эса бошқа бўлиб, гап-сўзга қолишдан қурқаман.

– Сизни инсон сифатида ўзгартирган қаҳрамонлар борми?

– Баҳодир ака Йўлдошев буюк режиссёр, буюк инсон ва актёр эдилар. Мингдан минг розиман шундай инсон билан театрда ҳамнафас бўлиб ишлаганимдан. Улар менга ишониб катта ролларни топширганлар. Саида Раметова бўлиб танилганимда, дунё кезишимда Баҳодир Йўлдошев, Бахтиёр Ихтиёров, Пўлат Файзиев, Убайдулла Омонларнинг ёрдами катта. 

–Кино ёки спектаклда сиз учун қайси бири муҳимроқ - сценарийми, режиссёрми ёки жамоа?

–Ҳаммаси зарур, ҳаммаси керак: сценарий, жамоа, режиссёр. Бир асарни суратга олиш учун ҳаммаси мукаммал бўлиши керак. Лекин агар улар орасида энг муҳимини танлаш керак бўлса, албатта бу сценарий деган бўлардим. Яхши сценарий бўлса, унда режиссёр ҳам, актёр ҳам, жамоа ҳам шунга мос ижод қилади.

–Танқидни қандай қабул қиласиз?

– Танқидни тўғри қабул қилишга ҳаракат қиламан, агар ўша танқидни ичида ҳақиқат бўлса. Кимдир сизнинг ютуғингизни кўролмай, сизга зарар етказмоқчи бўлади, маҳоратингиздан қинғир-қийшиқ томонларини топишга уринади. Бу сизни камситишга еки нотўғри танқид қилиб қўйишига олиб келиши мумкин. Бунақа танқидларни қабул қилмайман. Чунки ўзимнинг камчиликларимни, ютуғимни биламан. Бир-биримизнинг ютуғимиздан хурсанд бўлишни, тўғри танқид қилишни ўрганишимиз керак. 

–Аёллардаги қайси фазилатларни алоҳида қадрлайсиз?

–Аёл ўз номи билан аёл. Аёл борки, олам мунаввар. Биз аёлларнинг жони темирдан ҳам қаттиқ, лекин юрагимиз гулдан ҳам нозик. Аёл жудаям мураккаб шахс. Аёлни Парвардигор шундай қилиб яратганки, у ҳаммага керак: турмуш ўртоғига, фарзандларига, қудаларига, келин-куёвларига, невара-эвараларига - ҳаммасига керак. Шунинг учун аёл кучли, сабрли, чидамли, ҳамма нарсага эътиборли бўлиши, ҳеч қачон меҳнатдан қочмаслиги, юраги бақувват бўлиши керак, келажакда ҳамма орзу-ҳавасларимга эришаман деган ишонч билан яшаши лозим. Мурғаккина, нозиккина аёл қалби ҳеч қачон озор чекмасин. Гулдек нозик юраги ҳеч қачон шикастланмасин, уйим-жойим, бола-чақам деб уларга меҳрини берсин. "Меҳр берсанг – меҳр оласан", дейди доно халқимиз. Аёлларни асраб авайлаш керак. Аёлнинг энг катта бахти ва унга бўлган энг катта эътибор – бу севги, муҳаббат ва онда-сонда совға. Аёл кучли бўлсагина, олдига қўйган ҳамма мақсадларига эришади. 

Режиссёрлик ёки продюсерликда ўзингизни синаб кўришни хоҳлармидингиз?

–Жуда яхши савол. Кино, театр ва кўрсатувлар қилиб, режиссёрликда ҳам, продюсерликда ҳам ўзимни синаб кўрганман ва уддалаганман. 

Саҳнадан ташқарида сизни нима чинакамига бахтли қилади?

–Орзу-ниятларимга эришсам, оилам тинч бўлса. Энг кераклиси – оила. Оила мустаҳкам бўлса, оиланг тинч бўлса, ташқарида ҳаммаси яхши бўлади.

Фаолиятингиз давомида сизни театр томошабинини эмас, балки тўйни маъқул кўради, деган сабаб билан театрдан четлатишган экан. Тўй хизматларидан завқ оласизми?

–Тўйлар, тадбирлар, яхши кунлар, инсонлардан, жуда чиройли катта байрамлардан завқ оламан. Чунки тўй орзу-ҳавас билан ўтказилади. Тадбирларга юрагимни қўшиб, ўзимни аямасдан, жоним билан хизмат қиламан. "Чимилдиқ" спектакли келин-саломларга чиқишимга сабаб бўлган. Чунки у ерда лапарлар, яллалар, ёр-ёрлар ижро этганмиз. Нимаики қилган бўлсак, ҳаммаси фойдамизга, яхшиликка ишлаган. Санъат ўзи яхшиликка хизмат қилиши керак. Театрдан ўзим кетганман. Ўша куни театрда ўйнашим керак бўлган, лекин Самарқандда қариндошимизнинг тўйига чиқишим керак эди, дублёрим билан келишиб, кетаман деб турганимда "Йўқ, бугун саҳнага чиқасан" деб туриб олишди. Ҳеч кимни ёмонламайман, ҳаммаям хато қилади. Хуллас ўша куни бормасам қариндошларим хафа бўлишини билиб, дублёримга: "Бугун сиз ўйнанг, мен кеттим. Бугун ўзи сиз ўйнашингиз керак эди. Менинг бўш кунимга қараб тўй ташкил қилинган", дедим. Нима сабабдан шундай бўлди билмайман. Эртасига қайтиб келганимда, мажлисда менинг масалам кўрилишини айтишди. Ушанда мен "Кераги йўқ, устозларни мени деб овора қилманглар", - дедим. Демак театрдан кетишим керак экан, ўзим ариза ёзиб кетаман дедим. Икки йил театрда ишламадим. Назаримда гуноҳим йўқлигини, театрга кераклигимни, туҳматга қолиб кетганимни билишди, шекилли. Театрга қайтганимга ўн йилдан ошди. Нимага эришган бўлсам, мухлисларим, ҳамкасбларим билан эришдим. Ҳаммаларини жуда яхши кўраман. Кўпчилик кетганимда хафа бўлди, қайтганимда хурсанд бўлди. Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ. Аллоҳнинг ўзи оқни оқ қилиб, қорани қора қилиб, юзага чиқаради.

Фаолиятингизда ҳамма нарсани ташламоқчи бўлган пайтингиз ҳам бўлганми? Ушанда ҳаётни давом эттиришингизга нима ёрдам берган?

–Ўзбек давлат драма театрида раҳматли устозимиз Баҳодир Йулдошев бош режиссёр бўлган пайтда мен доим бош ролларни ижро этганман. У киши мени санъаткор, актриса ва бир оилани бошқарадиган аёл сифатида жудаям ҳурмат қилардилар. Мен бахтли актрисаман. Яхши режиссёрлар, устозлар билан ишладим. Менга қалкон, камарбаста бўлган турмуш ўртоғим Жумадилла Раметов билан бахтлиман. Театрдан кетганимда Баҳодир ака "Театримнинг гулини йўқотган эканман", деган эканлар. Кўп бор қайтишимни сўраган. 30 йилдан бери Ўзбек миллий академик драма театрида ишлаб келяпман. Жумадилла Раметовдан миннатдорман. Мени тушунганлари учун, менга ҳар томонлама имкон берганлари учун. Нима ният қилган бўлсам, ҳаммасига эришдим. Шунча мукофотлар олдим. Ўтган 2025 йил кичик меҳнатим катта мукофотга - Ўзбекистон халқ артисти унвонига муносиб кўрилгани мени янада бахтиёр килди. Юртбошимизга, халқимга, театримга, ҳамкасбларимга, оиламга раҳмат айтаман. Дуогўйим 90 ёшга кирган онам қанчалик хурсанд бўлганини кўрсангиз эди. Мени қўллаб келган қайнота ва қайнонамдан миннатдорман. Фақат юрагимда битта бўш жой бор - бу турмуш ўртоғимнинг Альцгеймер касалига чалингани. Улар ҳам 45 йил ҳаётини саҳнага бағишлаганлар. Бирон марта театрга хиёнат қилмаганлар. Келгуси режаларим - юртимга керакли бўлай, санъатим билан хизмат килай дейман.

Қачонлардир томошабинлар Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурхонов, Зайнаб Садриева, Обид Юнусов каби буюк актёрларни ғанимат билиб, уларнинг актёрлик маҳоратини кўриш учун театрга тушган экан. Сиз театрдан четлаштирилган пайтлари томошабинлар “Андишали келинчак” спектаклида айнан сизни кўришни исташган. Шу туфайли сиз саҳнага яна қайтгансиз. Кино ва театр томошабинни тарбиялашга қандай ҳисса қўшади?

– Видеоплатформалар, кино, сериаллар бўлмаган пайтларда томошабин актёрларни кўриш учун театрга келган. Лекин ҳозир уйда ўтириб ҳам мазза қилиб интернет орқали хоҳлаган нарсамизни томоша қиламиз. Шундай экан бизга анча қийин. Лекин нафақат бизнинг театрда, бошқа театрлардаям шунақа актёрлар бор, айнан уларни кўриш учун томошабин келади. Томошабинлар мени "Андишали келинчак"да яхши кўрган экан, демак ундаги роль мен учун ёзилган. Лекин дублёрларим ҳам яхши уйнаган. Агар томошабин айнан қайсидир актёр учун келаётган бўлса, бу санъаткор учун катта бахт. "Андишали келинчак"нинг саҳнага чиққанига 20 йилдан ошди. Ҳалигача томошабини кўп. Чунки спектаклнинг ўзи яхши, таркиб ролларини яхши ижро этади. Пьеса муаллифи Эркин Хушвақтов, режиссёр Мунаввара Абдуллаеваларнинг хизмати бу. Менимча, спектаклдаги воқеалар кўпчилик оилаларда учраб туради, шунинг учун яхши кўришади. Театр, кино ҳаммаси тарбиявий бўлиши, яхшиликка хизмат қилиши керак, тўғри йўл кўрсатиши лозим. Театрга келган томошабин ёмон роллардан ибрат олмасин. Биз нима учун ҳаётнинг ёмон тарафларини ҳам кўрсатамиз? Одамларга сабоқ бўлсин деймиз. Масалан, шу "Андишали келинчак"ка қайнона-келинлар кўп келишарди, спектаклдан кейин саҳнага чиқиб бизга раҳматлар айтишарди. Ёки шу спектаклни кўриб, ажралиш арафасида турган эр-хотинлар оиласини сақлаб қолган вақтлар ҳам бўлган.  

– Сизни илҳомлантирадиган аёллар борми (кинода ёки ҳаётда)? Актёрлик касбини орзу қилган қизларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

–Менга илҳом берган чиройли ва келишган актрисалар бу Гулчеҳра Жамилова ва Гулчеҳра Саъдуллаева бўлган. Уларга ўхшашни ҳавас қилганман. Актриса бўламан деган қизларга айтмоқчиманки, ҳаракат қилинг, чиройли роллар ижро этинг, сизларга тушунадиган яхши турмуш ўртоқ учрасин, ишлашингизга рухсат берсин, сизни ҳурмат қилсин, мадад бўлсин. Аммо сиз ҳам ҳар томонлама уни тушунишга ҳаракат қилинг. Оилага, ишга, фарзандларингизга – ҳаммасига улгуришга ҳаракат қилинг, шуларни қилишга мажбурсиз. Агар шуларни эпласангиз, албатта, турмушда ҳам, санъатда ҳам муваффақиятга эришасиз. 

–Шу йил сиз юксак унвон – Ўзбекистон халқ артисти мақомига сазовор бўлдингиз. Орзуларингиз борми?

Мен бахтли аёлман, актрисаман, бахтли онаман. Орзу-ниятларимга эришдим. Кўп мукофотлар олдим. Дунё кездим. Буёғига ҳам меҳнат қилиб, жамиятга керакли инсон бўлиб юриш насиб қилсин. Пешонамизга нима ёзилган бўлса, шуни кўрамиз. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, жонажон Ўзбекистонимизга кўз тегмасин. Бутун дунё тинч бўлсин. Ҳамма халқлар бир-бири билан иноқ бўлсин. Ҳамма ниятига етсин. Фарзандларимиз бахтли бўлсин, биздан-да билимли, илмли, ўқимишли бўлсин. Энг кераги соғлик, тинчлик. Мухлисларим соғ-омон бўлсин. Юрт учун меҳнат қилиб чарчамайлик.

Лира Шафиқ суҳбатлашди.

ЎзА