Республика Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг шу март ойида қабул қилинган тегишли буйруғига кўра, мактабгача ёшдаги истеъдодларни аниқлаш, ижодий қобилиятларини рўёбга чиқариш, уларни миллий маданият ва санъатга жалб этиш вазифаси белгиланган.
Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” болалар мактабида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ўтказилган “Жажжи нурли юлдузлар” фестивали айни шу мақсадга хизмат қилди. Унда мазкур фестивалнинг шаҳар ва туман босқичида ғолиб чиққан болажонлар иштирок этди. Малакали ҳакамлар кичкинтойлар иқтидорини низомда қайд этилган “Сеҳрли ҳаракат”, “Жажжи хонанда”, “Мўъжизавий куйлар” ва “Аждодалар мероси” шартларида рақс, овоз, соз ва фольклор жанрларида баҳолади.

Якуний натижаларга кўра, “Сеҳрли ҳаракат” йўналиши бўйича Наманган туманидаги 16-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Ойшахон Раимбердиева ғолибликни қўлга киритди. Фестивалнинг “Жажжи хонанда” йўналишида Мингбулоқ туманидаги 1- сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Ҳадича Ҳайдаралиева фахрли биринчи ўринни эгаллади. Баҳсли кечган “Мўъжизавий куйлар” йўналишида омад Янгиқўрғон туманидаги 4-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Шоазиз Фазлиддиновга насиб қилди.

Кўрикнинг “Аждодлар мероси” йўналиши ўн нафарли жамоавий фольклор кўринишига эга бўлиб, унда Наманган туманидаги 1-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг жажжи фольклор жамоасининг чиқишлари энг юқори баҳоланди.

Тақдирлаш маросимида Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Музаффар Мўминов иқтидорли болажонларга самимий тилакларини билдириб, ғолибларга эсдалик совғаларини тақдим этди.

Таъкидлаш жоиз, фахрли биринчи ўринга сазовор бўлган иштирокчилар “Жажжи нурли юлдузлар” фестивалининг республика босқичида вилоят номидан қатнашади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.