Буюк қалб эгаларининг ҳаёт йўллари, улар яратган санъат асарларидан баҳраманд бўлиш, инсонийлик фазилатларидан ибрат олиш кўнгилга бир олам завқ, руҳга қувват бахш этади. Қайд этиш керакки, Ўзбекистон ва Қирғизистон халқ артисти Бернора Қориеванинг ишонч ва садоқатга тўла 90 йиллик ҳаёт йўли ўсиб келаётган ёш авлод учун ибрат мактабидир.
Маданиятимиз ривожига улкан ҳисса қўшган машҳур балерина, профессор, рақс санъати маликаси – Бернора Қориева 1936 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Раҳим Қориев оиласида пойтахтимизда таваллуд топди. Оиладаги ижодий муҳит туфайли болалигидан санъатга, илмга меҳрли бўлиб ўсди. Дастлаб, Москва катта опера ва балет театри қошидаги академик хореография билим юртида, кейинчалик, ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида таҳсил олди.
У 1955 йилдан Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрида балерина сифатида иш бошлаган. Б.Қориеванинг репертуари асосини жаҳон ва замонавий балетлари ташкил қилади. Тўғри, балетнинг нисбатан янги санъат сифатида миллий маданиятга сингиб кетиши осон кечмади. ХХ асрнинг ўрталарига келиб, балет санъати энг инжа туғёнларни ифода этувчи ва ҳаётбахш фазилатларни тарғиб қилувчи етакчи жанрга айланди. Қайд этиш жоиз, ўлкамизда замонавий балет санъатининг юксалишида, унинг кўп жиҳатдан шаклан ва мазмунан бойишида Бернора опанинг ҳиссаси беқиёс. У яратган образларда инсониятнинг боқий орзулари, муҳаббат, яхшилик, ишонч, меҳр – оқибат мавзулари чуқур фалсафий мазмун касб этади. Гўзаллик ва нафосат ҳақидаги умумбашарий тамойиллар рақсий шаклларда намоён бўлади.
Аслида, маданиятимизнинг қадимий ва жонли тарихи ноёб ҳамда туганмас бир достон каби бўлса, рақс санъати эса унинг шоҳбайтларидир. Бернора Қориеванинг саҳнадаги қаҳрамонлари ўта ёрқин, кўзни қамаштирадиган даражада назокатли, пинҳона нигоҳларидан малоҳат уфуриб турадиган, фавқулодда гўзал ва бетакрор эди. Шунинг учун ҳам унинг рақслари мўъжизавий кучга эга бўлар, ҳаммани ўзига ром этарди. Айниқса, унинг “Боғчасарой фаввораси”даги Мария, “Жизель”даги Жизель, “Оққуш кўли”даги Одетта - Одиллия, “Анна Каренина”да Анна Каренина, “Сухайл ва Меҳр”даги Меҳр, “Тановор”даги Нурхон, “Афсоналар водийсида”ги Наргис роллари санъат оламида ўзига хос воқелик бўлди.

Маълумки, балет – синтетик жанр. Унда сценарий, мусиқа, хореография ва ифода воситалари уйғунлашади. Узвийлик сақланган ҳолда рақслар, мусиқа, драматургия руҳий ҳолатга мос келиши керак. Қолаверса, ҳар қандай балет образлиликни ва миллий ўзига хосликни сақлаб қолиши шарт.
– Бернора Қориеванинг репертуарида “Сегоҳ” концерт номери бор. Ниҳоятда жозибадор, бетакрор. Шу рақснинг кашфиётчиси балетмейстер Мукаррама хоним классик рақснинг аниқ штрихларини моҳирона топа билган, ҳар бир ҳаракат бу кичик хореографик мўъжизада мусиқа оҳанги билан, ўзбек классик рақси элементлари эса Европа классик рақси ҳаракатлари билан уйғунлашиб кетган, бири иккинчисини тўлдирган ва бойитган, -деган эди Ўзбекистон халқ артисти Тамарахоним суҳбатлардан бирида.
Буюк аждодларимизнинг бунёдкорлик ва ижодкорлик салоҳияти билан ҳақли равишда фахрланамиз. Б.Қориеванинг ниҳоятда моҳир педагоглиги, беназир устозлиги шогирдлари билан мулоқотларда янада ёрқинроқ аён бўлади. У ўзининг билими ва бой тажрибасини бағрикенглик билан ёшларга улашади: талабалар унинг “Маҳорат дарслари”ни интиқлик билан кутишади. Қаҳрамонимиз ўзбек балет санъатини мураккаб ва жозибадор комбинациялар билан бойитган. Айниқса, опа яратган образлар ўзбекона нафислиги, жўшқин ифода техникасининг мукаммаллиги билан ажралиб туради. У балет ижрочилик амалиётини такомиллаштирди, ёш балериналар маҳоратини ошириш методикасини яратди. Бугун шу методикадан Ўзбекистон давлат хореография академияси талабаларига сабоқ бермоқда.
Бернора Қориева ижодий фаолияти давомида Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси раиси, Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри директори ва бадиий раҳбари лавозимларида ишлаган. Эътиборлиси, у балет санъатида анъанавий ва замонавий усулларни уйғунлаштирди, кўплаб услубларни янгилади, классик ва миллий усулларни бир – бирига яқинлаштириб, уларнинг техникаси ва маҳорат даражасини тинимсиз оширди. Жаҳоннинг энг нуфузли саҳналарида ҳам унинг нафис, ўтли, жўшқин рақсларини катта иштиёқ ва завқ билан томоша қилишди.
Рақс санъати маликаси Бернора опанинг ролларида классик рақс тўқимасига сингиб кетган халқ рақси ҳаракатлари мужассамлашади: ўзига хос замонавий ва миллий колоритни вужудга келтиради. Бастакор А.Козловскийнинг “Тановор” балетида Бернора Қориева тарихий шахс - Нурхон образини яратади. Унинг рақсий парвозларида Фарғона рақс мактабига оид нафислик, майинлик, теран мазмундорликни илғаш мумкин. Айниқса, бош, қомат, қўл бармоқларининг эгилиши билан боғлиқ жозибадор ҳаракатларда халқ рақсларининг руҳи алоҳида аҳамият касб этади.

– Санъат сохталикни кўтармайди, унинг равнақи учун фидойилик керак, -дейди қаҳрамонимиз Б.Қориева. – Ҳамиша изланишда бўлганмиз, янги ифода воситаларини Фарғона халқ рақслари бой дунёсидан, Европа классик рақси ҳазинасидан изладик. “Дилхирож”, “Уфори сахта”, “Садр” ва “Тановор” каби машҳур халқ рақслари усулларини асос қилиб олган ҳолда улар руҳига уйғун бўлган янги элементларни сингдирдик. Мен ҳамон Улуғбек Мусаевнинг “Тўмарис”, “Афсоналар водийсида” балетларидаги қаҳрамонларимни соғинаман. Уларда ўтмиш билан бугунги кун бирлашади. Таъкидлаш ўринлики, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан ўзбек миллий санъати маданий дипломатиянинг муҳим воситасига айланаётганлиги биз катта авлод вакилларини ҳам ниҳоятда хурсанд қилмоқда.
Балет санъатида либретто, мусиқа, рақс ва тасвирий воситаларнинг бир бутунлигига эришиш катта маҳорат талаб қилади. Мазкур компонентларнинг бирлашуви унинг таъсир кучини бойитади ва энг юқори чўққиларга олиб чиқади.
Ўзбекистон халқ артисти Мукаррама Турғунбоеванинг “Мовий мақом” деб ном олган рақс асари Бернора Қориева учун яратилган эди. Бу осуда ва мафтункор асарни ҳозир ҳам кўпчилик соғинч билан эслайди. Қўлларнинг нафис талпиниши, бармоқларнинг назокат ила чарх уриши, оёқ учига кўтарилиб, оҳиста айланишлар томошабинни ўзига ром этиш баробарида, миллий мақом санъатининг нақадар бетакрор эканлигини янада ёрқин акс эттиради. Мақом санъатининг балет рақсида шу кўринишда табиий ва жозибадор намоён бўлиши санъат оламида алоҳида ҳодиса ҳисобланади.
Муболағасиз айтганда, Бернора опа балет санъатида бутунлай янги йўналиш – Шарқ аёлининг бетакрор ва латиф қиёфасини яратди. У жамиятдаги барча қувончли воқеаларни, тарихий ҳодисаларни рақс асарлари билан тарихга муҳрлашга ҳаракат қилди. Унинг ижодига бағишланган “Бернора Қориева рақсга тушади”, “Мен балеринаман” фильмлари суратга олинган.
Бугун ўзининг қутлуғ 90 ёшини қаршилаётган Ўзбекистон ва Қирғизистон халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори, ёшларимизнинг суюкли устози Бернора Қориеванинг бетакрор рақслари ўзбек миллий санъатининг умумбашарий маданият хазинасига қўшилган ноёб дурдоналари ҳисобланади. Улар этнографик – эстетик, лирик-драматик характерга, мукаммал сюжет ва композицияга эга яхлит асар сифатида алоҳида тадқиқот манбаи бўлишга муносибдир.
Шуҳрат Тўхтасимов,
Ўзбекистон давлат хореография академияси ректори, профессор,
Ҳулкар Ҳамроева,
ЎзДХА “Санъат назарияси ва тарихи” кафедраси профессори, филология фанлари доктори