Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театрида Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий асари асосида саҳналаштирилган "Майсара" спектаклининг премьераси бўлиб ўтди.
Атоқли ижодкорнинг "Майсаранинг иши" асари асосида ёш драматург Бобур Ҳамроев талқинидаги мазкур спектакль томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.

Мазкур саҳна асари миллий руҳи, шумлик ва олғирликка қарши эзгулликнинг кураши завқли ва қизиқарли тарзида акс эттирилгани билан эътиборга моликдир.
Мусиқали комедия жанридаги ушбу асар мамлакатимизнинг бир қатор театрлари томонидан қўйилганига қарамай, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали драма театрида ўзига хос талқинда яратилгани билан эътиборга моликдир.

Спектакль Илҳом Отамирзаев томонидан саҳналаштирилган. Саҳналаштирувчи рассом - Ҳайитбой Қамбаров. Спектаклни саҳналаштирувчи дирижёр - Акмал Тўраев.
Бастакорлар Фаррух Зокиров, Рустам Илёсов, Улуғбек Каримов томонидан яратилган мусиқа асарлари гарчи машҳур кинофильм орқали томошабинларга таниш бўлса-да, улар саҳна асарига янада ўзгача руҳ бағишлаган. Хормейстер - Улуғбек Комилжонов, балетмейстер - Маъмура Назарова. Бетакрор миллий либосларни моҳир дизайнер Райҳон Йўлдошева яратган.

Майсара ролини таниқли санъаткор Маъсуда Отажонова ижро этган. Спектаклда асосий ролларни шунингдек, Иқбол Ошиқов, Аброр Маллабоев, Омон Йўлдошев, Гуласал Раҳмонова каби санъаткорлар ижро этган.
"Майсара" спектакли мусиқали комедия мухлислари учун ўзига хос туҳфа бўлди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири