Ўзбекистон давлат консерваториясида Ўзбекистон давлат симфоник оркестри жўрлигида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сайёра Ғафурованинг “Фортепиано концертининг эволюцияси: И.С.Бахдан П.И. Чайковскийгача” деб номланган концерт дастури бўлиб ўтди.
Айтиш керакки, мамлакатимизда миллий ва жаҳон мусиқа санъатининг равнақ топишига катта аҳамият қаратилмоқда.
Мазкур концерт дастурида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Сайёра Ғафурова ва халқаро танловлар совриндори, Аббосбек Ваҳобов дирижёрлигидаги Ўзбекистон давлат симфоник оркестри жўрлигида Иоган Себастиан Бах, Йозеф Гайдн, Вольфганг Амадей Моцарт, Людвиг ван Бетховен, Фридерик Шопен ва Пётр Ильич Чайковский каби етук композиторларнинг ижодига мансуб дурдона мусиқий асарлар ижро этилди.

Сайёра Ғафурова Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, профессор, халқаро танловлар совриндори ҳисобланади. У қирқ йилдан ортиқ ижоди давомида юртимизда, шунингдек, Марказий Осиё ва Европанинг бир қанча давлатларида яккахон концерт дастурлари ҳамда нуфузли оркестрлар жўрлигидаги чиқишлари билан томошабинлар эътирофига сазовор бўлган. Унинг репертуарида фортепиано ва оркестр учун йигирма бешдан ортиқ асарлар мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти Ўзбекистонда биринчи марта айнан унинг ижросида янграган. Шунингдек, С.Ғафурова маданият ва санъатга доир бир қанча лойиҳалар муаллифидир.

Сайёра Ғафурова юртимиз мусиқа санъати ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун 2010 йилда “Шуҳрат” медали, 2016 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони билан тақдирланган.
Мазкур концерт дастури мусиқа ихлосмандлари, фортепиано ижрочилик санъати мухлислари ҳамда санъат шайдолари учун унутилмас лаҳзаларни тақдим этди.
Н.Усмонова, ЎзА