Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саҳна санъатига бағишланган кўргазма
13:40 / 2025-09-19

Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида «Мулоқот: Мерос ва нигоҳ» кўргазмаси ташкил қилинди.

Кўргазма Ўзбекистондаги таниқли театр рассоми Георгий Брим таваллудининг 90 йиллигига бағишланган бўлиб, устознинг ва унинг иқтидорли шогирди, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, театр рассоми Шуҳрат Абдумаликовнинг асарлари мухлислар эътиборига ҳавола этилган.  

Театр рассомлиги ўзига хос йўналиш бўлиб, у нафақат ижодий қарашни, балки ташкилотчилик маҳоратини ҳамда режиссурани чуқур англашни талаб қилади. Георгий Робертович Брим ана шундай устоз эди.  

Георгий Робертович Брим (1935–1999) — машҳур театр рассоми-сценограф, Ўзбекистон ССРнинг хизмат кўрсатган санъат арбоби, Адабиёт, санъат ва архитектура соҳасидаги Давлат мукофоти совриндори. У Озарбайжонда туғилган, болалиги эвакуацияда ўтган, Ашхобод ва Тошкентда таълим олган. 1950 йиллар охиридан Туркманистон театрларида рассом-сценограф бўлиб ишлаган, кейинчалик йигирма йилдан ортиқ Ўзбекистоннинг етакчи театрларида бош рассом сифатида фаолият юритган. Миллий анъаналарни замонавий сценография билан уйғунлаштирган ҳолда юзлаб драма ва опера спектаклларини безаган. Тошкент театр ва рассомлик олийгоҳида дарс бериб, кўплаб ёш сценографларни тарбиялаган. 1999 йилда Германияда вафот этган.  

Георгий Бримнинг ҳаёти театр, унинг режиссёрлари ва актёрлари билан узвий боғлиқ эди. Унинг янгича қарашлари саҳнадаги ҳар бир спектаклга яхлит ва образли олам бағишлаб, драматургиянинг ҳақиқий ҳамнафас ҳамкори сифатида шаклланди. Брим асарни шунчаки тасвирлаб қолмасдан, унга ўзининг чуқур ва мустақил руҳини ўрнатиш орқали Ўзбекистон театр санъатидаги энг йирик ислоҳотчилардан бирига айланди. Унинг сценография тараққиётига қўшган ҳиссаси беқиёс ва юксак баҳога лойиқдир.

Георгий Брим томонидан безатилган энг машҳур спектакллар қаторида: «Оғир айблов» (1967), «Аср драмаси» (1968), «Шоҳ Эдип» (1969), «Мария Стюарт» (1969), «Олтинчи июль» (1969) асарлари бор.  

Кўргазмада шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, сценограф ва Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти профессори Шуҳрат Абдумаликовнинг асарлари ҳам намойиш этилган.

Шуҳрат Абдумаликов 1970 йилда Самарқандда туғилган. У Тошкент театр ва рассомлик институтида Георгий Бримнинг сўнгги ва энг севимли шогирдларидан бири бўлган. Талабалик давриданоқ  Ёш томошабинлар театри ва Аброр Ҳидоятов номидаги театрда спектакллар безашни бошлаган ва институтни тугатгандан сўнг ўқитувчилик фаолиятини давом эттирган.

Шуҳрат Абдумаликов ўз ижодий фаолияти давомида Ўзбекистон, Буюк Британия, Қозоғистон ва Қирғизистон театрларида 300 дан ортиқ спектаклларни безаган. У Марк Вайл, Баҳодир Йўлдошев, Авлияқули Хўжақули ва Барзу Абдураззоқов каби машҳур режиссёрлар билан ҳамкорлик қилган.

Таниқли танқидчи Элдор Мухторовнинг фикрича, Шуҳрат Абдумаликов нафақат рассомлик маҳоратига, балки режиссёрга ўзига хос, ғайриоддий образли ечимларни таклиф қилиш қобилиятига ҳам эга.

Устоз ва шогирд ижодини бирлаштирган ушбу кўргазма авлодлар ўртасидаги изчилликни яққол намоён этиб, Георгий Бримнинг янгича ғоялари бугунги Ўзбекистон санъатида қандай давом этаётганини кўрсатади.

Экспозицияда Георгий Бримнинг 35 та (Ўзбекистон Бадиий академияси  Кўргазмалар дирекцияси ва Шуҳрат Абдумаликов шахсий коллекциясидан), Шуҳрат Абдумаликовнинг 29 та асари ва икки инсталляция намойиш этилмоқда.  

Н.Усмонова, ЎзА