Наманган вилоят мусиқали драма театрида Республика Маданият вазирлиги, Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбек миллий мақом санъати маркази ҳамкорлигида илк бор Ўзбекистон Халқ артисти Зулайҳо Бойхонованинг бой санъатини ўрганишга бағишланган “Зулайҳо Бойхонова ижодий асарлари” республика кўрик-танлови бошланди. Мазкур танловда юртимизнинг барча ҳудудларидан турли ёш ва касбга эгалари бўлган 50 дан зиёд истеъдод соҳиблари ўз маҳоратини намоён этмоқда.
Тадбирнинг тантанали очилишида Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботирхон Нуриддинов, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Халқ артисти Муножот Йўлчиева сўзга чиқиб, санъат ва маданиятни ривожлантириш, айниқса, миллий мақом санъатини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш ҳамда оммалаштиришда ўзбек санъати дарғаларининг ижодига бағишланган танловларнинг аҳамияти катта эканлигини таъкидлади.


Танловдан кўзланган асосий мақсад мусиқа ва санъат йўналишида янги ном ва истеъдодларни кашф этиш, ёш истеъдод эгаларининг қобилиятини рўёбга чиқариш борасида кенг кўламли ишларни доимий қўллаб-қувватлаш, халқимизнинг маънавий меросини асраб-авайлаш ҳамда миллий маданиятни кенг тарғиб этишдан иборатдир.
Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов бошчилигида “Мақом” ансамбли, Тожикистон Республикаси Хўжанд давлат университети, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбек миллий мақом санъати маркази мутахассисларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов иштирокчилари жонли ижро маҳорати, профессионал тайёргарлиги, саҳна маданияти, асарни ёшга қараб танланиши бўйича баҳолашмоқда.


– Мақом йўналишида куйлаш шу юртнинг фарзандиман, деган хонанда учун ҳам шараф, ҳам масъулиятдир. Бундай нуфузли танловда, элимиз адоғидаги устоз санъаткорлар қаршисида илк бор саҳнага чиқдим, – дейди Тошкент вилояти Ангрен шаҳридан келган қатнашчи, Чирчиқ давлат педагогика университети талабаси Феруза Норматова. – Танловда Зулайҳо Бойхонованинг “Гар соғинсам” ашуласини ижро этдим. Катта ҳаяжонни ҳис этдим, аммо, жонли ижрода бор истеъдодимни кўрсатишга интилдим.
Эслатиб ўтамиз, танлов ғолиблари махсус Гран-при, пул мукофотлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.


Танлов қизғин руҳда давом этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.