Театр — ҳаётни саҳна орқали намоён этувчи, инсон руҳиятини бойитувчи муҳим маданий маскан. Жиззах вилоят суди ташаббуси билан вилоят мусиқали драма театрида судьялар, суд фахрийлари, суд аппарати ходимлари ва уларнинг ота-оналари, яқин қариндошлари Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов асари асосида саҳналаштирилган “Тўйлар муборак” спектаклини биргаликда томоша қилдилар.
Юнус Ражабий номидаги Жиззах мусиқали драма театрида саҳналаштирилган мазкур “Тўйлар муборак” асари ўзининг ҳаётий воқеаларга бойлиги, турли характерга эга қаҳрамонлари ва юморга бойлиги билан томошабинларга илиқ туйғулар улашди. Асарда акс этган оилавий қадриятлар, инсоний муносабатлар ва меҳр-оқибат борасидаги саҳна кўринишлари томошабинларни кулдирди, ҳам чуқур ўйга толдирди.
Кундалик масъулиятли ва мураккаб ишдан сўнг театрда оила билан биргаликда ҳордиқ чиқариш суд ходимлари учун муҳим руҳий қувват манбаи бўлди. Одатда бундай томошалар хизмат интизоми, жамоавий муҳит ва ходимларнинг янада кўтаринки руҳ билан ишлашига ижобий таъсир кўрсатади.
[gallery-26552]
Спектакль давомида актёрлар томонидан катта маҳорат билан ижро этилган саҳналар, ҳаётий вазиятлар томошабинларда чуқур таассурот қолдирди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари