Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган Осиё хотин-қизлари форуми доирасида Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева Озарбайжон Миллий Межлиси Раиси Саҳиба Гафарова билан учрашди.
Мулоқот аввалида томонлар икки давлат раҳбарларининг очиқ ва ишончли муносабатлари мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг ривожланишида мустаҳкам асос бўлаётганини алоҳида қайд этди.
Учрашувда юқори даражадаги икки томонлама келишувларнинг амалга оширилишини таъминлаш, шу жумладан, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги қўшма лойиҳаларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш бўйича парламентларнинг ўзаро ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар халқаро ташкилотлар ва парламентлараро тузилмалар доирасида алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва бир-бирини қўллаб-қувватлашдан манфаатдор эканини билдирди.
Саҳиба Гафарова Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилаётган Осиё хотин-қизлари форуми аёлларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтиришда муҳим майдон эканини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар икки давлат тадбиркор аёллари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада фаоллаштириш, ёш парламентарийлар мулоқотини жадаллаштиришга келишиб олди.
Н.Абдураимова, ЎзА